Фахрий генераллар ва ёш гвардиячилар учрашди
Бугунги кунда ёш авлодни юртга садоқат ва масъулият руҳида тарбиялаш мамлакат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишининг муҳим мезони ҳисобланади.
Шу мақсадда Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши томонидан ёш гвардиячилар билан учрашув ташкил этилди. Унда ёшлар, курсантлар ва фахрий генераллар иштирок этди.

Учрашув “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи фаолияти билан танишишдан бошланди. У ерда генералларни лицей ўқувчилари ҳарбий мусиқа садолари билан қарши олди. Шундан сўнг меҳмонлар таълим жараёнлари, электрон тир, музей, ошхона ва спорт майдонлари билан танишди. Ёшлар жанговар машғулот ва спорт йўналишидаги маҳоратларини намойиш этишди, электрон тир ва камондан отиш бўйича фахрийлар билан биргаликда амалий машғулотлар ўтказишди.

Амир Темур монументи олдида хотира учун суратга тушилгандан сўнг, лицей жамоаси меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этди.
Фахрийлар пойтахтдаги Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирига ташриф буюрди. У ерда қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника кўргазмаси билан танишди, гвардиячиларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилишди. Фахрийлар аскарлар билан суҳбатда хизмат йилларидаги ҳаётий воқеаларни ёдга олишди, ёшларга меҳнат, интизом ва Ватанга садоқатнинг аҳамиятини уқтирди.

Тадбир якунида Миллий гвардия қўмондонининг буйруғига асосан, фахрийларга “Миллий гвардия фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
Куннинг иккинчи ярмида генераллар Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф буюрди. Улар таълим жараёнлари, амалиёт полигони, кутубхона, спорт мажмуаси ва курсантлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Ёшлар билан ўтган учрашув самимий ва илҳомбахш тарзда кечди. Фахрийлар ўз ҳаётий тажрибалари, хизмат давридаги сабоқлари ҳақида гапириб, ёшларни Ватанга сидқидилдан хизмат қилишга даъват этишди. Профессор Жамила Шермуҳаммедованинг мотивацион маърузаси эса ёшларда катта таассурот қолдирди.
Бу каби тадбирлар ёшларни маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Н.Раҳмонова, ЎзА