Фахриддин Хуррамов “Ўзбекгидроэнерго" чемпионати финалида иштирок этади
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ижро аппарати ходимлари ўртасида шахмат бўйича очиқ чемпионатнинг саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ходимлар ўртасида шахматни оммалаштириш, уларни спортга кенг жалб этиш ҳамда жамоада соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Беллашувлар жамият маъмурий биноси ҳудудидаги махсус шахмат майдончасида ўтказилди. Баҳслар Ўзбекистон Шахмат федерацияси ҳаками томонидан ФИДЕ қоидалари асосида швейцар тизимида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, матбуот хизмати етакчи мутахассиси Фахриддин Хуррамов 6 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ очиқ чемпионатининг якуний босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Иккинчи ўрин Атроф-муҳит муҳофазаси ва кадастр бўлими етакчи мутахассиси Ғанишер Эшбоевга насиб этди. У ҳам 6 очко тўплаган бўлиб, қўшимча кўрсаткичлар асосида иккинчи натижани қайд этди. Учинчи ўринни эса Сунъий интеллект жорий қилиш бўлими бошлиғи Баҳодир Даминов 5 очко билан қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур ташкилот ахборот хизмати хабар беришича, чемпионатнинг якуний босқичи 22 август куни Ёшлар ижод саройида ўтказилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА