Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда долзарб муамммолар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилишнинг миллий тажрибаси: долзарб муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги республика илмий-техникавий анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қарорда соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш билан бир қаторда илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни замон талабларига мувофиқлаштириш вазифалари ҳам белгиланган.
[gallery-31462]
Анжуманда академия бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Фурқатжон Назаров сўзга чиқиб, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришда илмий салоҳият ва инновацион ёндашувларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бугунги кунда иқлим ўзгариши, йирик ёнғинлар, сув тошқинлари, техноген авариялар, мураккаб ишлаб чиқариш жараёнлари ва замонавий инфратузилма билан боғлиқ хавфлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизимига янги талабларни қўяётганини таъкидлади.
Бундай ёндашувлар хавф юзага келгандан кейин унга жавоб қайтариш билангина чекланиб қолмасдан, хавфларни олдиндан аниқлаш ва баҳолаш, замонавий мониторинг воситаларидан фойдаланиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда профилактик чораларни кучайтиришни назарда тутишини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида рақамлаштириш, замонавий мониторинг технологиялари, ёнғин ва қурилиш хавфсизлиги, саноат ҳамда кимёвий хавфларни бошқариш, аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш каби йўналишлар ҳам қамраб олинди. Муҳими, тақдим этилган илмий ишланмалар фақат назарий изланишлар билан чекланиб қолмасдан, уларни амалиётга жорий этиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга жавоб қайтариш самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Анжуман доирасида илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувларга ҳам эришилди ва фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг турли йўналишларига оид илмий изланишлар ва амалий таклифлар тақдим этилди.
Жумладан, ФВВ академияси ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати, Бухоро давлат техника университети ва Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда илмий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Анжуман якунида маърузалар юзасидан савол-жавоб ва фикр алмашувлар ўтказилиб, муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли хулосалар шакллантирилди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов(сурат), ЎзА