Фавқулодда вазиятда нима қилиш керак?
Конимех туманида Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан “Бошқарув органлари, Фавқулодда вазиятлар давлат тузилмалари ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.
Қўмондонлик-штаб ўқув машқи давомида бир қанча объектларда намунавий махсус тактик ўқув машқлари ўтказилди.


– Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, раҳбарлар таркибининг куч ва воситаларини бошқариш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларида уларни самарали қўллаш бўйича амалий кўникмаларини оширишдир, – дейди бошқарма бўлим бошлиғи Муҳсин Эргашев. – Бунда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини ташкил этиш давомида турли даражадаги бошқарув органлари ҳамда куч ва воситаларнинг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича тадбирларни такомиллаштиришга асосий эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, тадбирлар давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳаракатлари режаси, Фуқаро муҳофазаси режаси ҳамда бошқа режалаштириш ҳужжатларининг реаллик даражасини баҳолаш, туман раҳбарлар таркиби ҳамда куч ва воситаларининг тайёргарлиги кўриб чиқилади.


Машқлар жараёнида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва оқибатларини камайтириш бўйича кўникмаларини ошириш ҳамда фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш, кўчирилган фуқаролар учун ҳаётий зарур шароитларни яратиш ҳамда вайрон бўлган ҳудудларда инфратузилма объектларини тиклаш ишлари кўргазмали равишда кўрсатиб берилмоқда.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизими ходимлари томонидан вилоятнинг барча умумтаълим мактаблари, лицей, касб-ҳунар мактаблари ва техникумларида “Ёш қутқарувчи” тадбирлари ўтказилмоқда. Бошқарманинг масъул ходимлари томонидан барча объектларда ўтказилаётган махсус-тактик ўқув машқлари мувофиқлаштирилиб борилмоқда.


А.Бўриев, ЎзА