Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Оила ва хотин-қизлар масканида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ва хотин-қизлар ўртасида учраётган салбий ҳолатларга қарши курашиш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизлар ўртасида учраётган муаммолар, айниқса, ажримлар ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва масъулият, фарзанд тарбиясидаги ота-онанинг роли, ҳудудларда амалга оширилаётган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтди.

– Болалар тарбиясида ота-онанинг ўрни ҳал қилувчи омиллардан биридир, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Манзура Раҳмонова. – Оиладаги соғлом муҳит, меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзаро ҳурмат ва тотувлик кўп жиҳатдан ота-онанинг билим савиясига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан бугун юртимизда “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Масъулиятли ота-оналик, дегани бу фарзандни нафақат моддий таъминлаш, балки унинг жисмоний, ақлий, руҳий, маънавий ва ижтимоий ривожланишида онгли ҳамда изчил иштирок этишни англатади. Бу жараёнда ота-она бола эҳтиёжларини тўғри тушуниши, эмоционал қўллаб-қувватлаши, интизом ва меҳрни мувозанатда ушлаши, ҳамкорликдаги тарбияда фаол қатнашиши орқали намоён бўлади.

Бундай учрашув ва тарғибот тадбирлари хотин-қизларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ҳамда ота-оналар масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Оила ва гендер илмий тадқиқот институти томонидан “Масъулиятли ота-оналик” мезонлари бўйича тренинг дастури ва тренерлар учун ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқилиб, мазкур мезонларни амалиётга татбиқ этиш учун ҳудудларда тренерлар тайёрлаш дастурлари амалга оширилди. Масъул ташкилотларнинг 50 нафар мутахассис ходимлари Навоий шаҳридаги “Навоий Профи” университетида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини амалиётга жорий этиш бўйича ўқитилди ва уларга белгиланган тартибда сертификатлар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА