Фаровон оила — барқарор жамият пойдевори
Мирзаобод туманида O‘zLiDePнинг «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида «Фаровон оила» акцияси ўтказилди. Тадбир хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга қаратилди.
Тадбирда O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши аппарати раҳбари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Шоҳиста Бозорбоева иштирок этиб, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Мулоқот давомида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбиясида онанинг ўрни, маҳаллаларда хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаолликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

— Бундай учрашувлар биз учун муҳим аҳамиятга эга. Хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар ҳақида янада кўпроқ маълумот олдик. Бу каби мулоқотлар маҳалла ҳаётида фаол иштирок этиш, жамият равнақига ўз ҳиссамизни қўшишга ундайди, — дейди тадбир иштирокчиси Муяссар Жабборова.
Тадбирда Мирзачўл маҳалласи фаоллари ҳам иштирок этишиб, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ва ёш авлод тарбиясида аёлларнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Таъкидланганидек, “Фаровон оила” акцияси доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар маҳаллаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири