Фаровон ҳаётимизнинг қадри улуғ
Жангчи-фахрийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди
Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида Республика Нуроний жамғармаси томонидан Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрийларга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда кекса нуронийлар, ёшлар, ҳарбийлар, спортчилар, ота-оналар ва журналистлар иштирок этди.

Маълумки, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан 3 мингга яқин юртдошларимиз тақдирланди. Улар орасида юртимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган зиёлилардан тортиб, маҳалла фаолларигача барча соҳа вакиллари бор. Албатта, бу мукофот замирида ҳам тинимсиз меҳнат, жамоат ишларида фаоллик ва фидойилик ётибди.
“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида мамлакатимизда жангчи-фахрийлар ҳам борлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Маълумки, 1979 йили бошланиб, қарийб ўн йил давом этган Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда юртимиздан 65 минг киши қатнашган. Уларнинг 2500 нафари ногирон бўлиб қолган, 1545 нафари урушда вафот этган, 9000 нафари эса юртмизга қайтиб, уруш таъсирида узоқ яшай олмай, вафот этган. Албатта, бу ҳам ўша машъум урушнинг энг оғир асоратидир.

— Афғон урушида шифокор бўлиб, қатнашганман, — дейди Магира Бабаева. — Албатта, урушда аёл кишининг қатнашиши чинакамига фожеа. Ҳали-ҳануз урушнинг асорати кўз ўнгимдан кетмайди, бугунги осойишта ва тинч, фаровон ҳаётимизнинг қадри улуғ. Давлатимиз томонидан қилган меҳнатимиз беэътибор қолдирилмаяпти.
Тадбир сўнгида ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгади.




