Фаровон ҳаётимиз гарови
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда депутатлар, Ёшлар парламенти аъзолари, фуқаролик жамияти институти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов ва бошқалар Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида ўзига хос янги даврни бошлаб берди. У халқимизнинг истиқлол ва озодлик учун олиб борган машаққатли кураши натижаси, миллий манфаатларимиз ва интилишларимизга асосланган ва халқаро ҳуқуқ нормалари билан қиёсланган муҳим манба бўлди.

Семинарда сўзга чиққанлар Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланиши, унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беришини таъкидлади.
Конституция асосий қонун сифатида ижтимоий ҳаётнинг ҳуқуқий тартибга солинадиган объекти ҳисобланган барча жабҳаларига бевосита ўз таъсирини кўрсатади. Конституциянинг таъсири қандай шаклда намоён бўлишидан қатъи назар, ижтимоий муносабатларни мунтазам тартибга солувчи, ҳамжиҳатлик ва тартиб-интизомни ижтимоий ҳаётга жорий этиш, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи муҳим восита бўлиб қолаверади.
Сўзга чиққанлар юртимиз сиёсий ҳаётида яқинда ўтказилган Президент сайлови ва унинг натижалари бўйича Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сайланган Президентнинг лавозимга киришишга бағишланган қасамёд маросими ҳам айнан Конституциямиз талаблари асосида амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бинобарин, Асосий қонунимизнинг 92-моддасига мувофиқ, Президент Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади. Ушбу қасамёднинг матни ҳам айнан Конституцияда берилган.
Семинар давомида янги Ўзбекистон стратегиясида қонун устуворлиги масалаларининг аҳамияти ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бўлиб ўтган қасамёд маросимидаги нутқида билдирилган асосий масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ушбу нутқдаги масалалар Ўзбекистоннинг келгуси беш йилликдаги тараққиётини белгилаб бериши қайд этилди.
Шунингдек, семинарда иштирокчилар Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилиш жараёни ҳақида ҳам атрофлича маълумотга эга бўлди.
Семинар якунида кун тартибидаги масалалар бўйича қизғин савол-жавоблар бўлиб, қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА