Фармон тадбиркорлар учун “самарали назорат” тизимини яратмоқда
Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни камайтириш, назорат ва текширувларни мақбуллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада кучли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектларига нисбатан давлат назоратини жазолашга эмас, балки профилактика, хавфларни олдиндан аниқлаш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Мазкур ҳужжат билан кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий жорий этилгани муҳим янгиликлардан бири бўлди. Лекин бу мораторий мутлақ характерга эга эмас. Жиноят иши доирасидаги текширишлар, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текшириш, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш (қайтариш) ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар бундан мустаснодир. Бундай ёндашув тадбиркорлик субъектларини асоссиз текширувлардан ҳимоя қилиб, жамоат хавфсизлиги, инсон саломатлиги, меҳнат ҳуқуқлари ва солиқ мажбуриятларини таъминлаш билан боғлиқ ҳолатларда давлат назоратини сақлаб қолиш имконини беради. Мораторий даврида кичик тадбиркорлик субъектларини белгиланган истиснолардан ташқари текшириш ноқонуний ҳисобланиб, бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Фармонда Бизнес-омбудсманнинг “Самарали назорат” тадбирини ўтказиши ҳам белгилаб қўйилган. Бу тадбирнинг аҳамияти шундаки, энди назорат фақат тадбиркорлик субъектининг фаолияти билан чекланиб қолмай, назорат қилувчи органларнинг ўзи томонидан текширувларни амалга оширишда қонун талабларига риоя этилгани ҳам баҳоланади. Жумладан, назорат органларининг сўнгги уч йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганилади. Текширувларни ўтказиш жараёнида йўл қўйилган қонунбузилишлар аниқланган тақдирда айбдорларга нисбатан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилади. Энг муҳими, текширув ўтказиш тартиби бузилган ёки ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади. Содда қилиб айтганда, давлат назоратининг ўзи ҳам назорат объектига айланади. Бу эса тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг профилактик механизмларини кучайтиради.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектларига нисбатан 6 минг 571 та текширув ўтказган. Уларнинг 3 минг 79 тааси ёки 46,8 фоизи вилоят солиқ бошқармасига тўғри келмоқда. Солиқчилар ўтказган текширувлар улуши жуда юқори бўлиб, бу тадбиркорларнинг ҳисоб-китоб юкламасини оширади, ортиқча бюрократияга олиб келади. Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси 2 минг 147 та текширув ўтказиб, асосан ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик даражасини ўрганган. “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бўлими электр ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш талаблари бўйича 369 та, “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси агросаноат маҳсулотлари сифати ва агроталаблари бажарилиши юзасидан 218 та назорат тадбири ўтказган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси 168 та, вилоят қурилиш соҳасидаги худудий назорат инспекцияси 123 та, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси 117 та текширув ташкил этган. 350 та ёки жами назорат тадбирларининг 5,7 фоизи бошқа назорат қилувчи органлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, шу пайтгача баъзан тадбиркорлик субъектларида такрорий текширувлар ҳам ташкил этилиб, уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувларга сабаб бўлаётган эди. Фармонда 2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бир йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилиши белгиланди. Бундан камерал солиқ текшируви мустасно ҳисобланади.
Янги тартиб тадбиркорнинг бир хил масала юзасидан турли назорат органлари томонидан қайта-қайта текширилиши, бир хил ҳужжатларни такроран талаб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашишнинг олдини олишга хизмат қилади. Амалиёт нуқтаи назаридан, ушбу норма тадбиркор учун вақт ва маъмурий харажатларни камайтириш, давлат назоратини мақсадли ташкил этиш имкониятини беради.
Тадбиркорлик муҳити учун муҳим янгиликлардан яна бири – “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” қоидаси жорий этилаётгани бўлиб, 2027 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда биринчи марта содир этилган айрим ҳуқуқбузарликлар учун дарҳол жарима солиш ўрнига, камчиликни бартараф этиш имконияти яратилади. Агар ҳуқуқбузарлик фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига ёки ўзгалар мулкига зарар етказмаган бўлса, тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади. Бу тартиб тадбиркорни жазолашдан кўра, уни қонун талабларига риоя қилишга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Фармон билан 2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент сифатида ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари учун ташаббус тарзидаги аудит механизми жорий этилаётгани, аудит жараёнида аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилмаслиги ҳам юртимизда соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.
Янги фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати унда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тугатиш ёки тўхтатиб туриш сабабларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Бунинг учун 2027 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш ва тўхтатиб туриш сабабларини доимий тадқиқ этиш тизими йўлга қўйилади. Бунда тадбиркорлик фаолиятини тугатиш ёки тўхтатиб туриш ҳақида ариза берилганда, унинг сабаблари қайд этиб борилади. Кейинчалик ушбу маълумотлар тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида автоматик таҳлил қилинади. Бу янгилик давлат органлари тадбиркорлик субъектлари нима сабабдан бозордан чиқиб кетаётганини аниқ статистик маълумотлар асосида баҳолаб боришига қулай муҳит яратади. Мисол учун, маълум бир ҳудудда тадбиркорлар фаолиятининг тугатилишига солиқ юки, кредит олиш имкониятининг чеклангани, электр энергияси ёки ер масалалари, текширувлар, маъмурий тўсиқлар ёки бошқа омиллар сабаб бўлаётган бўлса, келгусида давлат сиёсати ушбу муаммоларни бартараф этишга йўналтирилиши мумкин.
Бизнес муҳитида юз бераётган бу ўзгаришлар шартли ифодаланганда ортиқча текширув → хавфларни таҳлил қилиш → профилактика → хатони бартараф этиш → қонунбузилиш такрорланганда жавобгарлик занжирини шакллантириб, тадбиркорлик фаолиятини чеклашдан кўра, қонунбузилишларнинг олдини олишга устувор аҳамият беришни англатади. “Кўпроқ текшириш” эмас, балки “самарали назорат” тизимини яратади.
А.Баҳромов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони Сурхондарё ҳудудий шуъбаси бош инспектори.
ЎзА