Фармон ижроси таҳлил этилди
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар Республика ишчи гуруҳи томонидан изчил ўрганилмоқда.
Мазкур ҳужжатда гиёҳвандликка қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларни мазкур иллат таъсиридан ишончли муҳофаза қилиш, профилактика тизимини кучайтириш ҳамда давлат органлари фаолиятининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Фармон ижроси доирасида навбатдаги ўрганишлар Жиззах вилоятининг қатор ҳудудларида давом эттирилди. Хусусан, Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳрида соҳага дахлдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалдаги ижроси ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Йиғилишда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, улар тарқалишининг барвақт олдини олиш, профилактика ишларини манзилли ташкил этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг натижалари муҳокама қилинди. Шунингдек, амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрланган ҳужжатлар, ҳисоботлар ва тасдиқловчи материаллар Республика ишчи гуруҳи томонидан батафсил ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида масъул ташкилотлар томонидан юритилаётган хизмат ҳужжатлари, ижро интизоми ҳамда белгиланган вазифаларнинг бажарилиш даражаси алоҳида кўриб чиқилди. Мутахассислар томонидан аниқланган ҳолатлар асосида иш самарадорлигини янада ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва соҳадаги мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, юқорида номи зикр этилган фармон билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури тасдиқланган бўлиб, унда профилактик тадбирларни кучайтириш, идоралараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир ҳудудда “йўл хариталари” асосида манзилли ишлаш механизмлари белгиланган. Жиззах вилоятида ўтказилаётган мазкур ўрганишлар ана шу вазифаларнинг ҳудудлардаги ижросини холис баҳолаш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўрганиш якунида профилактик ва тарғибот ишларини янада кучайтириш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фармонда белгиланган вазифалар ижросини белгиланган муддатларда ва юқори сифат даражасида таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ҳамда амалий тавсиялар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири