Фармацевтика ва тиббиёт тармоғида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Мамлакатимизда фармацевтика ва тиббиёт соҳаларини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар инновацион технологияларни жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда агентлик директори Абдулла Азизов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фармацевтика ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга қаратилган стратегик ташаббуслар ҳамда “BioPharma City” фармацевтика кластери ҳудудида шакллантирилаётган замонавий илмий ишлаб чиқариш экотизими ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, делегация Фармацевтика техника университети фаолияти билан танишиб, таълим дастурлари, илмий-тадқиқот йўналишлари, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва замонавий ўқув инфратузилмасини кўздан кечирди.
Мулоқот давомида кадрлар салоҳиятини ошириш, рақамлаштириш, тиббий муассасалар бошқаруви ҳамда инвестицияларни жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди, дейилади Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.
GIZ вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, “BioPharma City” фармацевтика кластерида яратилган замонавий инфратузилма ҳамда мамлакатнинг фармацевтика ва тиббиёт йўналишларида минтақавий марказга айланиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА