Фармацевтика соҳаси янада ривожланади
Муносабат
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бирламчи тиббиёт тизими фаолияти тубдан ўзгарди, дори-дармон таъминоти яхшиланди, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни йўлга қўйиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар янгича мазмун касб этяпти.
Таъкидлаш жоиз, тиббий хизматлар кўлами ва сифати ошишида юқори самарали дори-дармонларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш эса, фармацевтика саноатининг қай даражада ривожлангани билан боғлиқ. Юртимизда бу соҳада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда соҳани жадал ривожлантириш, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бу борада бошланган ишлар, тармоқдаги лойиҳалар ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Мамлакатимизда йилига 1 миллиард 600 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан катта қисми — қарийб 1 миллиард 200 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, маҳаллийлаштириш даражаси мутлақо қониқарсиз. Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу боис, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида лойиҳалар билан ишлаш тизимини янгилаш вазифаси қўйилди. Дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Шунингдек, Инвестициялар лойиҳа маркази томонидан яна 18 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилган. Давлатимиз раҳбари уларни Ҳиндистон, Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Янги лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда айланма маблағлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари жалб қилинадиган бўлди.
Йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Эътиборлиси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига 80 та туманни доривор ўсимликларни етиштиришга мослаштириб, плантациялар ташкил этиш топширилди. Мазкур тажрибани кенгайтиришда кооперация ва оилавий тадбиркорлик учун назарда тутилган барча имтиёз ва молиялаштириш тартиблари татбиқ этилади.
Энг муҳими, доривор ўсимликларни қайта ишлайдиган корхоналар 2025 йил 1 январга қадар ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хомашё импортида божхона божидан озод қилинади. Шунингдек, уларга тайёр маҳсулотлар экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади, ҳар 10 гектар плантацияларга сув чиқариш учун 600 минг сўмдан субсидия ажратилади, доривор ўсимликлар плантацияларига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Бу каби имкониятлар натижасида доривор ўсимликларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар янада ривожланади, мамлакатимизда фармацевтика саноати юксалади, аҳоли арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий анжомлар билан тўлақонли таъминланади.
Бир сўз билан айтганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар юртимизда доривор ўсимликларни етиштиришга, қайта ишлаш ва экспорт қилиш салоҳиятининг ошишига, аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлашга хизмат қилади.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА