Фармацевтика – истиқболли ва жадал ривожланаётган йўналиш
Тошкент шаҳрида глобал фармацевтика бозоридаги замонавий тенденциялар, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, инновацион дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланган Ўзбекистоннинг V Халқаро фармацевтика форуми старт олди.
Форум 20 дан ортиқ мамлакатдан 250 нафардан зиёд делегатларни жамлаб, Марказий Осиёда фармацевтика соҳасида стратегик мулоқот ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айланди.
Тадбирни Тиббиёт ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов очиб берди. Ўз нутқида у мамлакатимизда фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб, фармацевтика Ўзбекистон учун истиқболли ва жадал ривожланаётган йўналиш эканини таъкидлади. Шу билан бирга, соҳанинг барқарор ривожланиши изчил ва тизимли ишлашни талаб қилишини қайд этди.

Форум доирасида фармацевтика соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, дори таъминоти тизимини такомиллаштириш, соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлашга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Форум давомида инвестиция лойиҳалари, технологиялар трансфери, фармацевтика бозорини янада такомиллаштириш ва аҳолининг сифатли дори воситаларига бўлган имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Форум ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА