Дунёда “туризм мамлакатлари” деган атама олган давлатлар бор. Франция, Испания, Туркия, Миср, Тайланд каби манзиллар шулар жумласидандир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё харитасида тобора кўп қидириладиган мамлакатлар қаторига киритилди. Сабаби бу ерга келаётган сайёҳлар сони жуда тез ўсиб бораётгани, меҳмон давлатлар кўлами кенгаяётганида. Ўзбекистон 2030 йилда 10 миллион сайёҳни қабул қилиши учун барча инфратузилмани яратмоқда.
Одатда Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадим шаҳарларга боришга талаб кўп бўлар эди. Энди Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларига ҳам хорижий туристлар оқими кўпайди. Масалан, Фарғона вилоятига 2023 йилда 421 минг нафар сайёҳ келган бўлса, шу йилнинг 9 ойидаёқ улар сони 420,2 мингтага етди.
Дунёнинг энг йирик ахборот агентликларидан бири бўлган Буюк Британиянинг “BBC” корпорацияси шу кунларда Фарғона вилояти туристик салоҳияти ҳақидаги видеороликни намойиш этмоқда.
–“BBC” ижодий гуруҳи вилоятимизда бўлди ва бир неча кун давомида Қўқон, Марғилон, Бувайда, Риштоннинг бир қанча тарихий обидаларини тасвирга олди, – дейди Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Аҳмедов. – Ижодий ҳамкорлик доирасида лондонлик журналистлар вилоятимиздаги иккита йирик корхона фаолияти билан ҳам танишди ва тасвирга туширишди.
“BBC” видеоролиги марказида ҳунармандчилик маҳсулотлари, меъморлик намуналари, энг муҳими, ижодкор инсон сиймоси акс этган, Фарғонага янгича нигоҳ ташланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tT9rYhhog68" title="Fargʻonaning turistik salohiyati ”BBC” nigohida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА