Фарғоналик спортчилар боғ яратди (+видео)
Шахс камолотида жисмоний тарбия ва спортнинг, соғлом турмуш тарзининг ўрни беқиёс. Айниқса, ёш авлод камолотида,мамлакатнинг жаҳон миқёсида танилишида спорт ва спортчилар зиммасидаги масъулият янада ортади.
Фарғона вилоятида кейинги йилларда спортга эътибор бирмунча юксалди. Буни вилоят спортчилари ва мураббийларининг жаҳон ареналарида қозонаётган зафарли юришлари, халқаро мусобақалар ва олимпиада беллашувларида қўлга киритилаётган салмоқли натижаларда ҳам кўриш мумкин.

Айни пайтда вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси тасарруфида 26 та спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 1 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мавжуд бўлиб, мазкур спорт таълими муассасаларида 1445 нафар мураббий фаолият юритиб келмоқда. Улардан 272 нафари олий ва 368 нафари биринчи тоифали тренердир.
Ушбу спорт таълими муассасаларида бугун 30 минг нафардан зиёд ёшлар спортнинг 52 тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Бунга қўшимча сифатида спорт мактабларида аҳоли сони ва ихтисослашувига кўра олимпия спорт турлари бўйича қўшимча 360 та спорт секцияси ташкил этилган.

Миллий терма жамоаларга юқори малакали спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фарғоналик спортчилар жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган халқаро турнирлар, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақалари, Осиё чемпионати ҳамда жаҳон чемпионати мусобақаларида иштирок этиб, жами 2 584 та медалга сазовор бўлди. Шундан 76 та медаль халқаро нуфузли турнирларда, 54 та медаль Осиё чемпионати ва кубоги мусобақаларида, 45 та медаль жаҳон чемпионати ва кубоги мусобақаларида қўлга киритилган. Шу билан бирга, ўтган тўққиз ой давомида спорт мактабларида 133 нафар унвонли спортчи, жумладан, 113 нафар спорт устаси ва 20 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси тайёрланди.
Бу йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган XIX ёзги Осиё ўйинларида 28 нафар фарғоналик спортчи қатнашгани, Пара Осиё ўйинларида ҳам муносиб иштирок этгани, улар орасидан Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада ғолиблари етишиб чиқаётгани қувонарлидир.

Вилоят спортчилари муҳим ташаббус ва лойиҳаларда ҳам фаол. Фарғоналик спортчилар ва мураббийлар Президентимиз бошчилигида илгари сурилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, эзгу ташаббусга қўл урди. Риштон туманида “Яшил макон яратишда бирлашамиз” шиори остида “Спортчилар боғи” ташкил этилди. Бу ерга 1500 дона мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.
– Бу ташаббусни барча спортчилар кўтаринки кайфият ва мамнуният билан кутиб олди. Боғ ташкил этилиши байрамга айланиб кетди, – дейди вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов. – Кўчат экиш баҳонасида спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан самимий суҳбат ташкил этилди. Юртимизнинг яшилликка бурканиши келажак авлод учун қолдирилаётган бебаҳо меросдир. Келгусида шу боғда учрашувлар, турли тадбирлар ўтказишни режалаштирдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FF7rTe2MeQM" title="Фарғоналик спортчилар боғ яратди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ташкил этилаётган боғда спортчилар кетмон ва белкуракда ишлашда ҳам ўзларини кўрсатди. Спорт усталари ҳазил-ҳузул, аския, меҳнатда ҳам тенгсиз эканликларини исботлашди.
– Халқимизда “Яхшидан боғ қолар” деган нақл бор. Биз қаерда бўлмайлик, қайси соҳада ўзимизни кўрсатмайлик, Ватанимиз келажаги учун, халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилишни асосий мақсад қилиб олганмиз, – дейди таниқли боксчи Бектемир Мелиқўзиев. – Бугун экилаётган кўчатлар яқин келажакда улкан дарахтга айланади, мева бериб, соя-салқинидан одамлар баҳра олади. Бу яшиллик тоза ҳаво, гўзаллик, саломатлик гаровидир.
“Спортчилар боғи”нинг ташкил этилиши катта тантанага айланиб кетди. Ҳокимлик вакиллари, секторлар раҳбарлари ҳам иштирок этди. Бу ташаббус вилоят бўйлаб қизғин давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбирлари