Фарғоналик қатағон қурбонлари ёд этилди
Мустақиллигимизнинг бугунги фараҳбахш кунларига етиб келишда азиз жонларини фидо қилган, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона курашган аждодларимизнинг хизмати катта. Мустабид тузум даврида юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.
Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида бўлиб ўтган қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида давлатимиз раҳбари қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлаб, байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш кераклигини қайд этган эди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги қатағон қурбонлари авлодлари оилалари ҳолидан хабар олди. Президентимизнинг байрам қутловларини етказди. Оилалар вакиллари Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорчиликларини билдирди.
Дастлаб Марғилон шаҳар “Тошкесар” маҳалла фуқаролар йиғинида 1939 йилда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби машҳур ўзбек шоир ва ёзувчиларининг дўсти, “ҳамтовоғи” сифатида қамоққа олинган ва қатағон қилинган Жамолхон Саиджоновнинг невараси Жаҳонгирхон Жаҳонов хонадонига борилди.
Қатағон даврида ҳаётининг катта қисмини қамоқда ўтказиб қайтгач, 2 ўғил ва бир қизни камолга етказган, халқ таълими йўналишида ва халқ хўжалиги тармоқларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, эл-юрт хизматида бўлган Жамолхон Саиджонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида унинг набиралари сўзлаб берди.
Фарғона шаҳар “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб ўтган қатағон қурбонларидан бири Раҳмат Мамажоновнинг яқинлари ҳам меҳмонларни ҳурсандчилик билан қарши олди. Раҳмат Мамажонов 1902 йилда туғилган бўлиб, 1937 йилда қатағон қилинади. 1989 йилда эса унга қўйилган айблов олиб ташланиб, оқланади. У бошидан ўтказган оғир кунларга қарамай ўз шеърлари, билими билан адабиёт ва санъат, фан ва таълим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келгани фарзандлари билан суҳбатда айтиб ўтилди.
[gallery-13415]
1905 йилда туғилиб, Фарғона шаҳрида яшаб ўтган, 1937 йилда “халқ душмани” сифатида айбланиб, Россиянинг совуқ ўлкаларига сургун қилинган Тожихон Шодиева ҳақида унинг тутинган фарзанди Мамлакат Ёқубова айтиб берган воқеалар ҳам ўша даврларнинг ноҳақликларини, қийинчиликларини ифода этди. 1961 йилда оқланганидан кейин ҳам Тожихон Шодиева ўз ғайрати ва шижоатини сўндирмайди ва халқ хўжалигида раҳбарлик лавозимларида фаол меҳнат қилади. Эл-юрт ҳурматини қозонади. Вилоят раҳбари Тожихон Шодиева каби фидойи ва жонкуяр юрт фарзандлари, қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини чуқурроқ ўрганиб, уларни ёшларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиш ишларини янада кучайтириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Хонадон эгалари билан бўлган самимий мулоқотларда мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш ҳақида сўз борди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА