Фарғонага катта футбол қайтди (+видео)
Шаҳарнинг марказий кўча ва майдонлари бугун “Нефтчи” футбол клуби ишқибозлари билан тўлди. Гарчи Суперлигада Ўзбекистон чемпионати бошланган бўлсада, у Фарғонага 2-турда етиб келди. Шу муносабат билан шаҳарнинг санъат саройида “Нефтчи” футбол клуби аъзоларини таништириш тантаналари бўлиб ўтди.
Маълумки, “Нефтчи” шонли тарихни босиб ўтган. У беш бор мамлакат чемпиони, тўққиз марта кумуш медаль соҳиби, бир марта Осиё чемпионлари лигасида бронза медалини олган. Шунингдек, “Нефтчи” турли халқаро турнирларнинг совриндори бўлган.

Тантанани вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очар экан, Фарғона халқини, жамоа мухлисларини янги футбол мавсуми бошлангани билан муборакбод этди ва команда таркибидаги ўзгаришлар, 2025 йил режаларини билдирди.
– 80-90 фоиз футболчиларимиз янгиланиб, яхши мутахассислар, жуда катта тажрибага эга футболчиларни клубимизга таклиф қилганмиз, – дейди Фарғона вилояти футбол ассоциацияси раисининг ўринбосари Носир Отақўзиев. – Янги ўйинчи, мутахассис, бош менежерлар биргаликда ишлашяпти.

Вилоят ҳокимлигининг изчил саъй- ҳаракати билан “Нефтчи” 2025 йилги мавсумга ғоят катта тайёргарлик билан келди. Унинг ўқув-тайёргарлик мажмуаси бутунлай янгидан қурилди. Энди 18, 20, 23 ёшли гуруҳлар учун ҳам алоҳида шароитлар яратилди. Жамоа сафига Жамшид Болтабоев, Фаррух Сайфиев, Элдорбек Суюнов, Жован Жокич, Аброрбек Исмоилов, Жамшид Искандеровлар Наманганнинг “Навбаҳор”, Зоран Марушич “Насаф”, Шоҳрух Гадоев “ОКМК”, Муҳаммад Ғиёсов “Қизилқум”, Владимр Ёвович “Сўғдиёна”, Иброҳимхалил Йўлдошев Қозоғистоннинг “Қайрат” клубидан келиб қўшилди.

Таништирув тантанасида уларнинг ҳар бирига тегишли рақамли “Нефтчи” рамзи туширилган кийим берилди.
Хайрулло Бозоров яна бир хушхабарни етказди. Апрель ойида Фарғонада “Нефтчи” футбол академияси фаолиятини бошлайди.

– Ҳозир 5 гектар майдонда футбол академияси учун бинолар қуриляпти. У “Нефтчи” профессионал футбол клубининг ўзига тегишли академиядир. Келгусида у тўғридан–тўғри “Нефтчи” клубига ҳамда турли ёшдаги мамлакат терма жамоаларига футболчилар етказиб бериш вазифасини бажаради.

“Нефтчи” мухлислари учун футбол ишқибози бўлган санъаткорлар хизмат қилдилар. Ишқибозлар эса “Нефтчи”–чемпион!” дея ҳайқирар эдилар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n7qBTzj-gdw" title="Farg`onaga katta futbol qaytdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари