Фарғонадан Афғонистонга ун, Италияга макарон жўнатилади
Бешариқ замини саҳоватли. 2025 йилда унинг 8700 гектар майдонида ўртача 79,4 центнердан дон йиғиб олинган бўлса, 2026 йилда 8400 гектарда 68028 тонна ёки ҳар гектаридан ўртача 81,0 центнердан ҳосил етиштирилди. Мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар туфайли дон етиштириш, уни қайта ишлаш тўлиқ хусусий тармоққа ўтди. Бугун тадбиркор, айниқса, хорижий инвесторнинг бу тармоққа қизиқиши ортди. Шу мақсадда Бешариқ туманида яна бир донни қайта ишлаш корхонаси қуриб битказилди. Фақат энди унинг мақоми хорижий корхона. Асли Тожикистондан бўлган Россия фуқароси Баҳодир Арслонбеков бу ишга қўл урган эди.
–Бизнинг Россиядаги қурилиш компаниямизда 1200 нафарга яқин бешариқликлар ишлашади. Биз улар ўз юртига келиб ишлаши учун шу корхонани қурдик. Яна бир асосий сабаб Ўзбекистон Президентининг инвесторларга яратиб бераётган имкониятидир, – дейди “DRUJBA UN KOMBINATI” хорижий корхонаси раҳбари Баҳодир Арслонбеков. – Биз бу имкониятдан фаол фойдаландик. Корхонанинг йиллик қуввати 100 минг тонна. Маҳсулотнинг 70-80 фоизи экспорт қилинади.
Бугун Бешариқда катта тантана бўлди. Тадбиркору фахрийлар йиғилди. Эзгу тилаклар изҳори дуоларда акс этди. Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўнгги йиллардаги эркин иқтисодиёт туфайли вилоят ялпи ички маҳсулоти жами триллионлардан ортиб 2-3 баробарга ошганини таъкидлади. “DRUJBA UN KOMBINATI” МЧЖ ана шу ислоҳотларнинг ёрқин натижаларидан биридир, деди у.
Сўзга чиққанлар сиёсат, иқтисодиёт, чегаралар очиқлиги мамлакат тарихида янги даврни бошлаб берди, дедилар.
Алвон тасма кесилгач корхона ускуналари ишга тушди, дастлабки тонна маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди.
Мазкур лойиҳа доирасида 21 млн доллар инвестиция ўзлаштирилди. 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Бу ерда йилига 120 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Унинг асосий қисми хорижга хорижий буюртмачига мўлжалланган. Шу бугуноқ дастлабки маҳсулот экспортга йўл олди.

–Ун Афғонистонга юбориш учун вагонларга юкланяпти. 3 миллион долларлик шартномамиз бор. 14 та вагон маҳсулотнинг пули тушди, – дейди Баҳодир Арслонбеков. – Энди ҳафтасига 8 та вагонда ун юборамиз Афғонистонга. Иккинчи ун заводимизнинг қуввати 1200 тонна бўлади. Бир кунда 600 минг, ойда 180 млн, йилига 216 млн долларлик ун ишлаб чиқарамиз.
Инвестор таъкидлаганидек, лойиҳа бўйича 2030 йилгача 50 млн доллар инвестиция киритиш лозим. Ҳозир 21 млн доллар инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг учун энди буғдой таъминотида узлуксизлик керак.

– Биз Қозоғистон буғдойини олиб келамиз корхонага. Таъминотчилар ҳар ойда 8-9 минг тонна буғдой етказиб бераяпти. Биз уни қайта ишлаб, олий навини экспорт қиламиз ва ундан қисман қандолат махсулотлари ҳамда макарон ишлаб чиқариб Европага экспорт қиламиз, –- дейди корхона муассиси Баҳодиржон.

Ҳа, “DRUJBA UN KOMBINATI” МЧЖнинг келажак режалари катта. 2027 йилнинг 2 чорагида 50 иш ўринга эга қандолат маҳсулотлари цехи иш бошлайди. У йилига 3000 тонна, жами 2 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Ана ўшанда бу ердан Афғонистонга ва бошқа Осиё давлатларига ун, Европага, хусусан, Италияга спагетти макаронлари экспорт қилинади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Hf3m3L_-T5A" title="Afg'onistonga un, Italiyaga spagetti makaronlari Farg'onadan jo'natiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА