Фарғонадаги туристик қишлоқ фақат қоғоздами?
Фарғона вилоятида сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятга ички ва ташқи туризм 2020 йилда бор йўғи 52 мингтани ташкил этиб, шундан 6 мингга яқини хорижий сайёҳлар ташрифидан иборат бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 401 мингтага етди. Туризмнинг янги турлари: экотуризм, агротуризм, этнотуризм, спорт туризми, қишлоқ туризми ва тиббиёт туризми йўналишига муҳим эътибор қаратиляпти. Хусусан, Фарғона туманидаги Водил, Аввал ҳамда Олтиариқ туманидаги Қизилтепа қишлоқларини “Туризм қишлоғи”га айлантириш борасида амалий ишлар бошланган.
Аввал қишлоғи гўзал табиати, салқин ҳавоси, булоқлардан тўйинадиган катта сойи билан инсонни ўзига мафтун этади. Хўжам Подшо зиёратгоҳи ва археологик ёдгорлиги жойлашган бўлиб, зиёратчилар билан гавжум. Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов томонидан ўтган йил 8 апрелда имзоланган Фарғона тумани Аввал қишлоғида “Туризм қишлоғи”ни ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури кўпчиликни хурсанд қилди.
Бу борада ишлар бошланган бўлиб, ўзига хос тарихий ва сўлим масканда сайёҳлар учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, қишлоққа олиб келувчи йўллар бўйида йўл кўрсаткичлари ўрнатилди. Еттибулоқ ва бир қатор кўчаларга асфальт ётқизилди, пиёдалар йўлаклари барпо этилди. 10 та оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда, дам олиш масканларида зарур шароитлар яратишга эътибор қаратиляпти. Шунингдек, замонавий стелла, селфи зона, санитария-гигиена шохобчаларини ўрнатиш кўзда тутилган. Аммо мазкур йўналишдаги ишларнинг чала ҳолатда қолаётгани қишлоқ аҳли эътирозига сабаб бўлмоқда. Дастурда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларнинг аниқ муддати белгиланган бўлса-да, амалда бажарилгани йўқ. Асосийси, бу ишлар учун зарур бўладиган маблағларнинг аниқ асоси мавжуд эмас. Ҳамма нарса чўнтакка қараб бўлади-да ахир.
Ёз мавсумида қишлоқда қайноқ ҳаёт ҳукмрон бўлади. Бугунги кунда дам олиш масканлари ҳувиллаб қолган. Ачинарлиси, бу масканга қадам қўяр экансиз, чиқинди ва хазонларга тўла кўчалар, дам олиш масканлари дилни хуфтон қилади. Ёғочдан ясалган савдо расталари, бозордаги аянчли ҳолат, бузуқ аттракционлар қишлоқ ҳуснини бузмоқда. Хусусан, Хотира майдони хароба ҳолатда, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкамламзорлаштириш масаласи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ваҳоланки, дастурда бу ҳудудни таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган.
– “Туризм қишлоғи” мақоми берилганда жуда хурсанд бўлгандик, –дейди шу қишлоқлик Қуёшой Йўлдошева. – Афсуски, шундай чиройли жойларнинг нохуш манзарасини қаранг. Дам олиш маскани эгалари “Тоза ҳудуд”га пул беришдан қизғониб, чиқиндиларни сойга оқизади ёки кўчага улоқтириб ташлайди. Хотира хиёбони бир пайтлар қишлоғимиз гавҳари бўлган. Мана энди абгор аҳволга тушган. Ҳафтанинг шанба куни шу ерда бозор бўлади. Бозор тугагандан сўнг яна бу ер ахлатга тўлади. Бу бўйича маҳаллага, туман ҳокимлигига кўп мурожаат қиляпмиз. Аммо натижа йўқ. Меҳмонларнинг олдида уялиб қоляпмиз.
[gallery-5692]
Бу ҳудудда экологик чиқинди қутилари ўрнатиш зарур. Шунингдек, дам олувчиларнинг автомашиналари учун тураргоҳ ташкил этиш керак.
Ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий умрининг атиги бир неча йилларини онаси туғилиб ўсган Фарғона туманининг Аввал қишлоғида ўтказган, кўп хайрли ишларга бош-қош бўлган. Дам олиш масканларига туташ жойда унинг уй-музейи ташкил этилган, ҳайкали ўрнатилган. Бир пайтлар бу музей дам олишга келувчилар билан гавжум бўлган. Бугун эса хароба аҳволда, қаровсиз. Дов-дарахтлар сувсизликдан қақраб ётибди. Атроф ахлат-чиқиндиларига тўлиб-тошган.
Пастда зилол сув шарқираб оқиб турган сой, етти булоқ, ташландиқ, чанг босган расталар, ҳувуллаб ётган чойхоналар кўзга ташланади. Неча юз йилларга гувоҳ бўлган азим чинорларнинг ерга тўшалган барглари қачонлардан буён тўпланиб қолган чиқиндилар билан қоришиб кетган. Маҳалла аҳлининг айтишича, масъулларга Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий уй-музейини тартибга келтириш бўйича мурожаат қилинган. Бироқ қаноатлантирилади, деган ваъдалар қанот қоқиб қолаверди. Бу жойни мукаммал таъмирлаш ва ишга тушириш дастурда кўзда тутилган эди.
“Туристик қишлоқ” номигагина бўлмаслиги, ишлар фақат қоғоздагина қолиб кетмаслиги керак. Аввал қишлоғи тозалик, саранжом-саришталик ва ободонлаштириш ишларини кутмоқда.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА