Фарғонадаги касб-ҳунар мактабида қулупнай пишди
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги 1-сон касб-ҳунар мактабида ташкил этилган иссиқхонада қулупнай пишди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш тадбирларининг кўрилаётгани ўз самарасини бера бошлади. 6 сотих майдонда замонавий иссиқхона қурилди ва биринчи ҳосил – қулупнайлар пишиб етилди.
Айтишларича ҳосилга кирган кўчатлар баҳор ойларига қадар ҳосил беради. Шунингдек, иссиқхонада 80 туп лимон кўчатлари экилган. Улар кейинги йилда ҳосилга киради. Шу боис ниҳоллар орасига қулупнай, саримсоқпиёз, редиска ва кўкатлар экиш йўлга қўйилди. Экинлар томчилатиб суғорилмоқда. Иссиқхона касб-ҳунар мактабининг агрономия йўналишида таълим олаётган ёшлар учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

– Ишлаб чиқариш усталари ва ўқувчи-ёшлар ташаббуси билан биогомус ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, – дейди касб-ҳунар мактаби директори Ҳурматилло Турдалиев. – Чувалчанг боқиш орқали олинадиган бу маҳсулотнинг ҳосилдорликни оширишдаги фойдаси катта. Бундан ташқари, тикувчилик, автомобилсозлик, электр-газ пайвандчилик, электромонтёр, агрономия йўналишларида ишлаб чиқариш устахоналари фаолият кўрсатмоқда.
Бу касб-ҳунар йўналишларида таҳсил олаётган ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлмоқда.

Шунингдек, касб-ҳунар мактабининг бўш турган биноси ижара шартномаси асосида тадбиркорга берилган бўлиб, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ўқувчилар бу ерда ҳунар ўрганиш билан бирга, дарсдан сўнг даромад топиш имконига эга бўлмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА