Фарғонада заргарлик нуфузли соҳага айланмоқда
Буюк ипак йўлида жойлашган Фарғона, унинг қадим Қубо, Марғилон, Хўқанд шаҳарлари қадим савдо ва ҳунармандчилик марказлари, карвонсарой, саррофлари билан машҳур эди.
Марғилон эса нозиктаъб, моҳир заргарлари билан донг чиқарган. Бугун вилоят музейларидаги экспонатлар орасида ўша замон усталарининг ноёб ишлари – археологик топилмаларни учратиш мумкин.
Ҳозирга келиб азалий тарих қайта тикланди. Фарғонада заргарлик устахоналари очилди. Ёшларни бу касбга ўргатадиган маҳорат мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Шунданми, заргарлик соҳасига сармоя киритаман, деган хорижий инвесторлар ҳам Фарғонага интилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров озарбайжонлик инвестор, “Baku Oltin” МЧЖ қўшма корхонаси таъсисчиси Мушфиг Ибраҳимзадени қабул қилди.
Учрашувда заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва корхона фаолиятини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Бугунги кунда корхонада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани, уларга ички бозорда талаб юқори экани маълум қилинди. Келгусида янги турдаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, лойиҳа кўламини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, ташаббусларни амалга оширишда зарур амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА