Фарғонада ёшлар учун таълим ва касб-ҳунар имкониятлари кенгаймоқда
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги 4-сон техникумда бўлиб, таълим муассасасида яратилган шароитлар, ўқув жараёни ва амалий машғулотлар билан танишди.
Айни пайтда техникумда 1 минг 65 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 300 нафари Буюк Британиянинг «Pearson» компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган халқаро таълим дастури асосида учта йўналиш бўйича билим олаётир. Дастур доирасида назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилган. Бугунга қадар 72 нафар ўқувчи инглиз тили бўйича халқаро сертификатга эга бўлган.
Таълим муассасасида компьютер графикаси ва дизайн оператори, электромонтёр, пайвандловчи, металлга ишлов бериш каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ўргатилмоқда. Ўқувчиларнинг ишлаб чиқаришда амалий кўникмаларини ошириш мақсадида «Фарғонаазот» акциядорлик жамияти, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда дуал таълим тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, техникумда Германиянинг «Telc» тизими бўйича тил имтиҳонлари маркази фаолият юритмоқда. Бу ёшларга хорижий тилларни билиш даражасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини беради.
Вилоят ҳокими замонавий жиҳозланган ўқув хоналари ва устахоналарни кўздан кечириб, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Ёшлар ўз қизиқишлари, эришаётган ютуқлари ва келгуси мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқот давомида бугунги рақобат шароитида ёшларнинг чуқур билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, хорижий тилларни пухта ўрганиши ва ўз устида мунтазам ишлаши муҳимлиги таъкидланди.
— Касб-ҳунар эгаллаган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Ҳаётда ўз ўрнингизни топишни, эртага яхши яшашни истасангиз, бугун астойдил ўқишингиз, илм олишингиз ва меҳнат қилишингиз керак. Ҳеч бир ютуқ ўз-ўзидан келмайди. Орзуларга фақат интилиш, ҳаракат ва ҳалол меҳнат билан эришилади, - деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Учрашувда ёшларни халқаро таълим дастурларига жалб этиш, уларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш, хорижий тилларни ўрганишини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
[gallery-32368]
Жумладан, Ёшлар ишлари бошқармаси ва шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида техникумда хорижий тиллар ҳамда касб-ҳунар курсларини ташкил этиш, битирувчиларнинг Европа мамлакатларида ишлаш имкониятларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиши маълум қилинди.
Мулоқот якунида вилоят ҳокими халқаро таълим дастурлари қамровини кенгайтириш, ўқувчиларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА