Фарғонада янги тиббиёт университети очилди
Фарғона шаҳрида янги халқаро тиббий олийгоҳ – Central Asian Medical University (Марказий Осиё тиббиёт университети) фаолият бошлади.
Нурилло Мамасодиқов раҳбарлигидаги тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида Фарғона вилоятининг йирик компанияларидан бири бўлган “Meridian Diagnostic Hospital” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган ушбу олийгоҳ лойиҳаси учун тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан 128 миллиард сўм йўналтирилди.
Очилиш тадбирида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров олий таълим соҳасига қаратилаётган катта эътибор, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар натижасида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси сўнгги олти йилда бир неча баробарга ошганини таъкидлади. Бу борадаги ишларнинг амалий кўрсаткичи сифатида вилоятда олий таълим муассасалари сони 12 тага етганини, яқинда Қўқонда озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳам ташкил этилаётганини, бу борада Фарғона республика ҳудудлари орасида энг юқори ўринларда эканини қайд этди.
[gallery-9326]
“Meridian Diagnostic Hospital” масъулияти чекланган жамияти таркибида ҳозирги кунда вилоятда деярли барча йўналишларни қамраган 10 та тиббий диагностик клиникалар фаолият олиб бормоқда. Талабалар учун кучли амалиёт базасини тақдим этишга эътибор қаратган вилоят раҳбари Ҳиндистоннинг дунёга машҳур “Apollo Hospitals” халқаро шифохоналар тармоғи ҳамда “Meridian Diagnostic Hospital” ҳамкорлигида Фарғонада ташкил этилаётган замонавий тиббий клиника ҳам бу йўналишда катта аҳамият касб этишини айтиб ўтди.Central Asian Medical University номига монанд бўлиб, Марказий Осиёда тиббиёт соҳасида ўзининг ўрнига эга, таниқли олийгоҳ бўлишига тилак билдирди.
Университет тиббиётнинг энг зарур йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, олий таълим – амалиёт – тиббий муассасалар узвий интеграциясини йўлга қўйишни ўз олдига мақсад қилган. Олийгоҳ бу йил даволаш иши, стоматология ва педиатрия йўналишларида 600 нафар талабани қабул қилган бўлса, келгуси ўқув йилидан бошлаб 1500 нафар талаба таҳсил олади. Олийгоҳда республикамизда тиббиёт соҳасида кўзга кўринган профессор-ўқитувчилар, малакали хорижлик мутахассислар таълим беради.
М.Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА.