Фарғонада халқаро мулоқот: медиа, инвестиция ва маданий ҳамкорлик
ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни кунларда Фарғона вилояти қатор нуфузли халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда.
Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган “Ижтимоий онгнинг шаклланишида ОАВнинг ўрни” мавзусидаги Фарғона III халқаро конференцияси ҳамда “Ўзбекистоннинг энг қулай инвестицион маркази” медиатури доирасида халқаро мулоқотлар ўтказилмоқда.
Тадбирларнинг асосий мақсади ахборот алмашинуви орқали давлатлар ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Фарғона вилоятининг инвестициявий салоҳиятини хорижлик меҳмонларга бевосита намойиш этишдан иборат.
Шу мақсадда Япония, Хитой, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби 12 давлатдан оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва журналистлар таклиф этилган. Хорижлик меҳмонларга вилоятнинг саноат, инвестиция ва экспорт салоҳияти, туризм имкониятлари ҳақида маълумот берилмоқда.
[gallery-31485]
Фарғона шаҳридаги “Фарғона экспо” марказида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ш. Полвонов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Ш. Қудратхўжа, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири С. Дониёров ҳамда қатор мутасаддилар иштирок этди.
Тадбирда Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва инвестициявий салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, вилоятдаги янгиланишларни акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
Мулоқотлар давомида замонавий медиа маконининг ривожланиш тенденциялари, соҳадаги долзарб масалалар, илғор тажриба алмашинуви ҳамда ислоҳотларни ёритишда журналистиканинг ўрни муҳокама қилинди. Медиа соҳасидаги янгиланишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, илмий-амалий ёндашувлар тақдим этилди.
Тадбирлар доирасида хорижлик меҳмонлар Қўштепа туманидаги “Fergana Global Textile” МЧЖ фаолияти, Олтиариқ узумзорлари, Марғилон ҳунармандлар маркази билан танишди.
Шунингдек, меҳмонлар Марғилондаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ўтказилаётган “Атлас байрами” VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалида иштирок этди.
Фарғона вилоятининг бой тарихий-маданий мероси билан бир қаторда замонавий саноат ва экспорт салоҳияти ҳам хорижлик ОАВ вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Форумнинг сўнгги кунида меҳмонлар Риштон туманидаги кулолчилик анъаналари ҳамда қадимий Қўқон шаҳрининг тарихий обидалари билан танишиши режалаштирилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА