Фарғонада узлуксиз таълим тизими: амалиёт ва самара
Фарғона давлат университетида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида узлуксиз таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим тизими мутасаддилари, ёшлар билан ишлаш бўйича масъуллар иштирок этди.
Муҳокамада узлуксиз таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, таълим сифатини яхшилаш ва пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоятда кўрилаётган чоралар таҳлил этилди, шунингдек, соҳада аниқланган камчиликлар ўрганилиб, бу борадаги ечимлар, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ қайд этганидек, Фарғона вилоятида 2017-2021 йиллар давомида таълим сифатини ошириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 2 баравар –13,8 фоиздан 26 фоизга ўсишига эришилган.
Ихтисослаштирилган мактаблар сони 44 тадан 92 тага етказилган. Биргина 2021 йилда 4 та математика, 8 та кимё-биология, 9 та информатика ва ИТ мактаблари, 19 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган. Шунингдек, 2022-2026 йилларда 22 та, жумладан, 11 та математика, 9 та информатика ва ахборот технологиялари ҳамда 2 та кимё-биология фанларига ихтисослашган мактаблар ташкил этилиб, вилоят миқёсида жами ихтисослашган мактаблар сони 114 тани ташкил этиши режалаштирилган.
Вилоят халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида 2017-2021 йилларда давлат дастурлари ва маҳалий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 86936 қувватга эга 179 та таълим муассасаларида 580 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган, 50 та касб-ҳунар коллежлари бинолари умумтаълим мактабларига айлантирилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 17 та мактаблар янгидан қурилган, 81 та мактаблар реконструкция қилинган ва 81 та мактаблар мукаммал таъмирланган.
Йиғилишда олий таълим ташкилотларида таълим сифатини яхшилаш, талаба-ёшларда касбий тайёргарлик, мустақил таълим олиш ва танқидий фикрлаш каби муҳим компетенцияларни шакллантириш, сиртқи таълим муаммоларини бартараф этиш, электрон платформа имкониятларини ўрганиш ҳамда унинг контентини бойитиш ишларини давом эттириш, ҳорижий ҳамкорлик алоқалари ва қўшма таълим дастурларини кучайтириш каби муҳим йўналишлар муҳокама этилди.
М. Сулаймонов, ЎзА