Фарғонада умумхалқ хайрия ҳашари
Ҳашар туркий халқларгагина хос бўлган инсоний фазилатлардан бири. Маҳаллада кимнинг уйида қурилиш бўлса, кўчаларга кўчат экилса оталар ёнига олиб беғараз ёрдамга борган.
Замон, тузим, раҳбарлар ўзгарди. Аммо ҳашар деган ибратли одат сақланиб қолди.
Фарғона вилояти кўча боғлари, иш, ўқиш жойларида аслида ҳашар бошланганига анча кун бўлди. Бугун эса улар мамлакат миқёсидаги умумхалқ хайрия ҳашарида иштирок этишяпти.
— Яшил макон умумиллий лойиҳасига асосан вилоятимизда 9 миллион 557 та кўчат экилиш режалаштирилган эди, -дейди Фарғона вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Мадаминжон Аҳмаджонов. – Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан яна 3 миллион кўчат экиш топшириғи берилди. Ҳозир барча ерда уни амалга ошириш ишлари давом этяпти.
Фарғона шаҳрига туташ Экошаҳарда ҳозиргача 70 гектар майдонда яшил белбоғ яратилди. Бугун эса унга туташ ерларга минглаб турфа хил кўчатлар келтирилди. Вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозаров, нуроний отахонлар янги яшил маконга биринчи кўчат экилиши олдидан юртимизга тинчлик-омонлик ва барака тилаб дуои фотиҳа қилдилар. Вилоят ва шаҳарнинг турли идора вакиллари, маҳаллалар аҳли эрта тонгдан иш қуроллари билан келдилар, бу ерга.
— Маҳаллалар, кўчалар, қабристонлар, кўп қаватли уйлар ўртасидаги болалар майдончаларида кенг кўламли тозалов ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда,-дейди Маҳалла хайрия жамоат фонди Фарғона вилоят бўлим бошқаруви раиси Баҳодиржон Йўлбарсов. – Бундан ташқари маҳаллаларда “Ўн туп кўчат менинг туҳфам” шиори остидаги лойҳа ҳам амалга оширилмоқда.
Қувани боғларнинг онаси деб бежиз айтишмаган. Шу йилнинг ўзида 53 миллион дона кўчат етказди, қувалик боғбон-фермерлар. Улар орасида энг ноёб кўчатларгача бор. Вилоятнинг барча шаҳар-туманларига шу ердан олиб кетишяпти.
Хайрия ҳашарининг ахборот-таҳлил марказига соат сайин жойларда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар келиб тушяпти.
— Умумхалқ хайрия ҳашари штабига келиб тушаётган маълоумотларга кўра, бугун бу тадбирда 1 миллиондан ортиқ фарғоналиклар иштирок этяптилар. Уларнинг 650 мингдан ортиғи ёшлардир. Кун давомида 450 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экилиши режалаштирилган, - дейди Баҳодиржон Йўлбарсов.
<iframe width="1519" height="585" src="https://www.youtube.com/embed/UO2rznMDgck" title="Фарғонада умумхалқ хайрия ҳашари" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (тасвирчи), ЎзА