Фарғонада улоқ-кўпкари халқаро турнири(+видео)
Фарғонада Наврўзга яна бир байрам уланиб кетди. Бу гал учинчи бор улоқ-кўпкари бўйича халқаро мусобақаси ўтказилмоқда. Унинг учун айнан Фарғона танлангани бежиз эмас. Йигирма икки аср муқаддам “Буюк ипак йўли”дан келган Хитой императорининг махсус элчиси Фарғона водийсида “қорабайр” наслли отларни кўриб ҳайратга тушган ва уларни “учар отлар” деб атаган. Фарғона от мактабининг тарихи кўҳналигини шундан ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон Миллий Гвардияси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Спорт вазирлиги ташкилотчилигида бугун бошланган улоқ-кўпкари халқаро мусобақалари жамоаларнинг саф тортиб чиқишидан бошланди. Улар Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг спортчиларидан иборат эди. Мухлисларнинг қизғин қўллови билан сафни “учар отлар” минган Ўзбекистон Миллий гвардияси жамоаси бошлаб берди.
Тадбирни Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Раҳимов очди.
Мамлакатимиз мадҳияси янграгач, мусобақанинг биринчи жуфтлиги от чоптирди. Майдонда ҳар икки жамоадан тўрттадан чавандоз-спортчилар улоқни дастига олиб рақиб томонда белгиланган доирага ташлаши лозим. Дастлаб ҳисобни Қозоғистонликлар очишди. Лекин Ўзбекистон Миллий гвардия жамоаси ҳам тажрибали эди. Зум ўтмай ҳисобни тенглаштиришди. Улоқ-кўпкари спорт тури сифатида ривожланишига Ўзбекистон Президентининг Фармони сабабчи бўлди. Анъанавий улоқда ҳар ким ўзи учун курашган бўлса, мазкур мусобақада жамоа бўлиб ҳаракат қиладилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pUin5IjYn2E" title="FARGʻONADA ULOQ-KOʻPKARI XALQARO TURNIRI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ғоят қизғин баҳслар остида ўтган дастлабки ўйинда 4:2 ҳисобида Қозоғистон жамоаси ғолиб бўлди.
– Биз Тожикистондан келдик. Аввалги икки мусобақада ҳам қатнашганмиз. Бир гал совриндор бўлдик, – дейди Искандар Норқулов. – Бу гал жамоалар жиддий тайёргарлик кўрган. Шундай бўлса-да ғалаба учун курашамиз.
– Россияда рақибни отдан йиқитиш ўйинлари бор. Аммо улоқ йўқ эди, – дейди жамоа сардори Самад Набиулин. – Қозонда бу спорт турини янгитдан ўзлаштиряпмиз. Шундай бўлса-да муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистон, Фарғона бизга жуда ёқди. Одамлари меҳмондўст, шаҳар эса ораста. Миллий гвардия бизга барча шароитни яратиб берди.
Бугуннинг ўзида яна олтита жамоа майдонга тушиб ғалаба учун курашади.
Фарғонада ўтаётган улоқ-кўпкари III Халқаро мусобақаси 24 мартга қадар давом этади.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА