Фарғонада туризмни ривожлантиришнинг янги имкониятлари муҳокама қилинди
Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида «Туризмни ҳудудлар иқтисодиётининг муҳим драйверига айлантириш: Фарғона вилоятидаги имкониятлар ва лойиҳалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш, туристик хизматлар сифатини яхшилаш, соҳа инфратузилмасини кенгайтириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, бу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Фарғона вилоятига 2 миллион 936 минг нафардан зиёд турист ташриф буюрган. Туристик хизматлар экспорти ҳажми эса 174,16 миллион АҚШ долларига етган.
[gallery-31842]
Шунингдек, вилоятда ўтказилаётган фестиваллар ва йирик тадбирлар, халқаро кўргазма ва форумлар, маданий-маърифий анжуманларнинг ҳудуд туристик жозибадорлигини ошириш ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтиришдаги аҳамияти таъкидланди.
Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Туризм соҳасидаги янгиликларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш, бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА