Фарғонада тиббиёт соҳасига малакали кадрлар тайёрланади
Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ.
Коронавирус пандемияси даврида халқимиз буни янада теранроқ тушуниб етди. Синовли кунларда тиббиёт ходимлари кечаю кундуз фидоийлик билан меҳнат қилиб, беморларга шифо улашмоқдалар. Ҳар биримиз тиббиёт ходимларининг масъулиятли ва шарафли хизмати қадрини чуқурроқ англаяпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 апрелда “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор тиббиёт соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёжни қондириш, тиббий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда қатор янгиликларни ўз ичига олганлиги билан аҳамиятлидир.
Жорий йилда бутун дунёни эгаллаб олган короновирус пандемияси шароитида юқори малакага эга бўлган тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж жуда сезилди. Бунда аҳолининг соғлом қатламини саломатлигини сақлашга, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасига ҳам эътибор қаратиш долзарб муаммо бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбарининг 3 декабрдаги “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ши қарори эса тиббиёт соҳасида муҳим янгилик бўлди, десак янглишмаймиз. Соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, ходимларни касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари, шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Янги ташкил этилган институт олдида жуда кўплаб вазифалар турибди. Замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор ва масофавий таълим технологияларини кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш шулар жумласидандир. Шунингдек, моддий-техник база ҳам янада мустаҳкамланиб, малакали кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилади.
Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизидаги жамоат саломатлиги тиббиёт институтида ҳозирги даврда тиббий профилактика ва жамоат саломатлиги, даволаш ва хорижий факультетлар бўлиб, бакалавриатнинг 6 та таълим йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Россия Федерациясининг Кубан давлат тиббиёт университети ҳамда Курск давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма дастур асосида ҳам 4 та йўналишда мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозирда Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Покистон, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Нигерия, Бангладеш каби давлатлардан 150 дан ортиқ талабалар келиб таҳсил олмоқдалар.
Ҳудудлардаги тор мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида институтда анестезиология ва реанимация, акушерлик ва гинекология, ички касалликлар, урология, умумий хирургия каби мутахассисликлари бўйича 83 нафар клиник ординатурада ва 12 нафар интернатурада шифокорларнинг таҳсил олаётгани ҳам ўз самарасини беради. Талабаларга 19 та кафедрада 147 нафар профессор-ўқитувчилар дарс машғулотларини олиб бормоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят юқумли касалликлар шифохонаси институтга клиник база этиб бириктирилган. Талабалар ва резидентлар Фарғона вилоятида жойлашган 26 та даволаш-профилактика муассасаларида амалий ва клиник машғулотларни олиб борадилар.
Бугун вилоятимизнинг ўзида ҳам тор доирадаги мутахассислик бўйича шифокорлар етишмовчилиги бор.Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг ташкил этилиши эса юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашдек муҳим вазифани амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайди.
Ғофуржон Султонов,
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти
ректори вазифасини вақтинча бажарувчи
ЎзА