Фарғонада тактик ўқув машғулоти ўтказилди
Шарқий ҳарбий округ қўшинлари Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмда батальон тактик ўқув машғулотининг илк босқичи бўлиб ўтди. Эрта тонгдан тўсатдан берилган сигналга асосан юрт ўғлонлари ҳимояни кучайтириб, қуролдошлари тўлиқ қуроллангунига қадар сергакликни йўқотмади.
Ҳарбий хизматчилар белгиланган жойларга йиғилиб, ўз вазифаларини бажаришга киришдилар. Шарқий ҳарбий округ қўшинлари масъул офицерлари томонидан юрт ўғлонларининг ҳаракатлари зимдан кузатилиб маҳоратлари баҳолаб борилди. Зирҳли ҳамда автомобил техникалар белгиланган жойларида шай ҳолатга келтирилди.

Айни шу вақтда масъул офицерлар тезкорлик билан вазиятга ойдинлик киритиб, қўйилган топшириққа ечим топиш учун ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқди ҳамда тезкорликда қарор қабул қилди. Олинган вазифага кўра ҳарбий хизматчилар транспортларга тақсимланиб, дала ўқув майдонига қараб йўл олди.
Дала ўқув майдонига кетиш олдидан занжирли техникаларни махсус темир йўл ташиш платформаларига юклаб махсус қўриқлов ташкил этилиб манзилга етказилди. Дала ўқув майдонига етиб келган барча бўлинмалар жойлашиб, қўриқлов ва кузатув ишлари йўлга қўйилди. Ҳарбий хизматчилар кейинги топшириқ олгунга қадар жанговар шайликни ошириш учун хизмат қиладиган машғулотлар олиб борилди.

Кузатув маълумотларига асосан батальон командири навбатдаги қарорни қабул қилди. Навбатдаги вазифага кўра шартли душман йўналиши аниқланиб, бўлинмалар душманга зарба бериш учун жойларни эгаллади.
Йўналишдаги шартли душман ўрганиб чиқилиб зарба бериш учун қулай вақт белгиланиб, душманни йўқ қилишга киришилди. Бунда шартли душманга қарата гуруҳ қуроллари, жанговар техника қуроллари ҳамда шахсий қуроллардан фойдаланган ҳолда сон жиҳатдан устун бўлган шартли душман батамом яксон қилинди.

Уч кун давом этган ушбу ўқув машғулот якунига етди. Бунда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги оширилди, назарий билимлари яна бир бор синовдан ўтказилди.
М. Сулаймонов, ЎзА