Фарғонада “Тадбиркорга кўмак марказлари” иш бошлади
Президентимиз жорий йил 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюриб, солиқ соҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ташриф давомида солиқ органлари тадбиркорлар билан учрашиб муаммоларини тинглаши, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириши, уларга кўмакчи бўлишлари юзасидан қатор топшириқлар берган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси, шунингдек, “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Тадбиркорга кўмак марказлари” фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, ана шундай марказлардан бири Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозорида барпо этилди. Ҳудуддаги тадбиркорлар солиқ соҳасига оид бирор муаммони ҳал этиш учун бевосита давлат солиқ инспекциясига бормасдан ўзларига ҳар томонлама қулай бўлган “Тадбиркорга кўмак маркази” га ташриф буюрган ҳолда масалага ойдинлик киритишлари мумкин. Албатта, ушбу жараён тадбиркорнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига хизмат қилади. Эътиборлиси, ушбу марказга бир нафар солиқ идораси ходими бириктирилган бўлиб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Солиқ тўловчи учун энг қувонарлиси, марказдаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, тадбиркорларга ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, солиқ ҳисоботларини юбориш, қулай солиқ режимини танлаш, дастлабки бухгалтерияни юритиш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
“Тадбиркорга кўмак маркази” фаолияти Марғилон шаҳридаги марказий деҳқон бозори ҳудудида ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда ҳам “Солиқчи – кўмакчи” тамойили доирасида амалий ишлар бошлаб юборилган. Марказга ташриф буюрган тадбиркорларга солиқ соҳасига оид янгиликларни етказиш билан бирга, онлайн назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланиш тартиблари батафсил тушунтирилмоқда. Қўқон шаҳар марказий деҳқон бозорида ҳам “Тадбиркорга кўмак маркази” иш бошлади.
Бу ерда ҳам ҳудуддаги тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш, солиққа оид муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, хусусан, уларга солиқ ҳисоботларини тўғри юритишга ҳамда бошқа техник хизматларни кўрсатишга кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Аҳамиятлиси шундаки, бозор атрофида кичик тадбиркорлик субъектлари биргина назорат касса техникаси билан боғлиқ техник носозликларни тузатиш учун мутахассисларни қидириб, турли оворагарличиликлар юзага келарди.

Қувонарлиси ушбу марказ ишга туширилиши билан уларнинг назорат касса машиналарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолари ҳам осон битадиган бўлди. Таъкидлаш жоиз, вилоятдаги “Тадбиркорга кўмак марказлари” нинг айнан тадбиркорлар ёнида ташкил этилаётгани тадбиркорларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш ҳамда уларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни мунтазам етказиб туришда муҳим аҳамият касб этади.
М. Сулаймонов, ЎзА