Фарғонада Президент сайловига пухта тайёргарлик кўрилди
Саноқли кунлардан сўнг бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Фарғона вилоятидаги 1 минг 203 та сайлов участкаларида пухта тайёргарлик кўрилди.
Сайловчилар рўйхати тузилди, сайлов участкалари белгиланган талаблар асосида жиҳозланди. Пандемия шаротидан келиб чиққан ҳолда зарур ҳимоя воситалари билан таъминланди.
Президент сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси ҳам самарали фаолият олиб бораётган бўлиб, ҳудудда сайлов қонунчилиги ижроси устидан назоратни амалга оширмоқда. Муҳим жараённи очиқ ва шаффофлик асосида ўтиши учун сайлов участкаларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида жорий йил 14 октябрь санасидан бошланган Президент сайловига муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари борасидаги ахборотлар тингланди.

Хусусан, сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган шахсларга овоз бериш учун яратилган шароитлар, уларни сайлов жараёнларига тўлиқ қамраб олиш масаласига эътибор қаратилди.
– Бугунги кунда Фарғона вилоятида 64 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади, – деди Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Фарғона вилояти ҳудудий бўлими раиси Ўғилой Мамажонова.
– Сайлов участкаларига пандуслар, ногиронлик аравачалари, кўзи ожизлар учун махсус кабиналар ажратилган. Сайлов участкаларига боролмайдиган, оғир аҳволдаги, 1-гуруҳ ногиронлари учун ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамроҳлигида махсус транспорт воситалари ажратилиб, овоз бериш бюллетенлари билан таъминланади.
Округ комиссия аъзолари ҳамда ташкилот вакилларининг мулоқотларини Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси узоқ муддатли кузатувчилари Даниэла Боттижелли ва Миндер Мартинлар кузатиб бордилар.
М. Сулаймонов, ЎзА