Фарғонада пора билан ушланган инспекция бошлиғи қамалди
Раҳбарлик кўп инсонларни ҳар томонлама синовдан ўтказади, ҳалол ишлаган эса обрў-эътибор топади.
Афсуски, баъзилар нафс қулига айланади. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси Фарғона минтақавий инспекцияси бошлиғи Б.Рўзибоев шундай ишга қўл урди.
Унинг ваколатига ўзига бириктирилган ҳудудда минерал ресурслар қазиб олиш билан боғлиқ ишларни назорат қилиш, минерал ресурслар қазиб олиш учун рухсат беришга доир ҳужжатларни расмийлаштириш, ноқонуний қазилмаларни амалга оширилганлиги ҳолати юзасидан тегишли чоралар кўриш кабилар кирарди. Унга тадбиркор Б.Қосимов 2020 йил декабрь ойида Фарғона водийсининг “Марказий Фарғона” чўл ҳудудидаги қум барханларидан фойдаланиш бўйича тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида мурожаат қилади.
Инспекция бошлиғи бу ўлжани қўлдан бой бергиси келмади. У тадбиркорга мазкур ҳудуддаги қумлардан тадбиркорлик мақсадида фойдаланиш учун аукцион савдоларида иштирок этиши лозимлиги, бунинг учун ортиқча ҳаражатлар қилишига тўғри келиши ҳамда аукционда ҳудуд бошқа тадбиркорлар томонидан ҳам сотиб олиниши мумкинлигини айтиб, унга бошқача йўлни таклиф қилди. Лизенциясиз ишлаб юриш ва ҳеч қандай чора кўрмаслиги эвазига 6000 АҚШ долларига келишиб, ундан 5000 АҚШ долларини пора тариқасида олган.
Осонлик билан келаётган мўмай даромаддан ёш раҳбарнинг нафси ҳакалак ота бошлади. У тадбиркорга келишилган пулдан қолган 1000 АҚШ доллари ҳамда бошқа харажатлар учун яна 600 АҚШ доллари беришини айтади. Шунингдек, унинг фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида қум барханларидан фойдаланишга лицензияси мавжуд бўлган “Пресс Матив” МЧЖнинг лицензияси координатларини “Марказий Фарғона” ҳудудида жойлашган қум бархани ер майдонига ўзгартириб, сохта ҳужжатлар расмийлаштириб бериш эвазига яна 4000 АҚШ долларини пора тариқасида беришни талаб қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда инспекция бошлиғи Б.Рўзибоев кимёвий ишлов берилган 5 минг 600 АҚШ долларини тадбиркордан олган вақтида ушланган. Суднинг ҳукми билан у 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фарруҳ Абдураимов,
Фарғона вилоят судининг судьяси
ЎзА