Фарғонада оммавий сайёр қабуллар бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Исломов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши халқимизнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда уларни қийнаётган муаммоларга ечим топилиб, дарду ташвишини енгиллаштиришга кўмаклашиляпти.
Хусусан, жойларда адолат истаётган, суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларда турли идораларга арз қилаётганлар кўп. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Президент Администрацияси, Олий суд, Судьялар Олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги масъул раҳбарлари иштирокида вилоятнинг шаҳар ва туманлар аҳолиси учун оммавий сайёр қабуллар бошланди.
Фарғона шаҳар «Янгисой» маҳалла фуқаролар йиғинидаги истироҳат боғининг очиқ майдонида бўлиб ўтган қабулнинг биринчи кунида Фарғона, Қувасой шаҳри ва Фарғона туманидан келган фуқаролар мурожаатлари тингланди. 458 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 85 та мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.110 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар, 34 нафарига тушунтиришлар берилиб, 241 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
Олий суд раисининг ўринбосари И.Муслимов томонидан 213 нафар фуқароларнинг мурожаати эшитилиб, 99 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 48 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 66 таси бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Уларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан 31 та, жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди томонидан 4 та, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан 10 та шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. Шунингдек, 1 нафар шахсга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алимент, 2 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди.
[gallery-2143]
– Суднинг ҳукмидан норози бўлиб, қабулга келдим, – дейди Фарғона шаҳрилик собиқ ҳарбий хизматчи Олимжон Камолов. – Ҳукм ва ажримларни бекор қилиб, оқлов ҳукмини чиқариш ҳақида шикоят ёздим. Мурожаатим қаноатлантирилиб, Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. Адолат қарор топишига ишонаман.
Одилхўжа Тошхўжаев «Фарғона агрокимёхимия» ҳудудий акциядорлик жамиятидан ноқонуний ишдан бўшатилган бўлиб, икки йилдан буён сарсон-саргардон юрибди. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди уни ишга тиклаш тўғрисида қарор чиқарган бўлсада, суд ҳужжатлари ижро этилмасдан келинмоқда. У мазкур масалада Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага мурожаат қилди ва масала ўз ечимини топди.
Президентимиз томонидан одамларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш ҳар бир мутасадди раҳбарнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан бири сифатида қўйилаётганида чуқур маъно ва халқнинг турмушини яхшилашга қаратилган эзгу мақсад мужассам эканлиги оммавий сайёр қабуллар давомида ўз ифодасини топмоқда. Нафақат, суд-ҳуқуқ, балки бошқа масалалардаги мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмасдан унга ечим топиляпти. Буни аҳолининг Президентимизга билдираётган ташаккурномаларидан ҳам яққол билиш мумкин.
Вилоятнинг қолган шаҳар ва туманларида 24 апрелга қадар сайёр қабуллар давом эттирилиб, барча аҳоли қамраб олинади.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА