Фарғонада “Нафосат” фестивали бўлиб ўтмоқда
Фарғона вилоятида ўзбек миллий кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган “Нафосат” фестивали бошланди. Фестиваль доирасида давра суҳбатлари, кўрик-танловлар ва бошқа оммавий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Халқимизга хос бўлган қадриятларни кийиниш маданиятидан ҳам яққол кўриш мумкин. Марғилоннинг ипак матоларидан тикилган либослар хотин-қизларга тароват, орасталик ва кўрк бағишлайди. Шу боис бугунги кунда миллий модани шакллантиришни даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Мазкур “Нафосат” фестивали бежирим ва нафис миллий либосларни кенг тарғиб этиш, ўзлигимиз ва қадриятларимизга мос кийимларнинг бетакрор дизайнини қайта тиклаш ҳамда замонавийликни уйғунлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тадбирнинг дастлабки кунида Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази” шаҳар ва туманлардаги дизайнер ва ҳунармандлар ўртасида “Нафосат-2020” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар “Ишбилармон ва етакчи аёл”, “Талаба қиз”, “Ижодкор аёл”, “Ўзбек аёлининг рўмол ўраш санъати” номинациялари бўйича баҳоланди.
– Атлас, адрасдан замонавий дизайн асосида либослар тикишга қизиқаман – дейди Марғилон шаҳрилик Ойдиной Раҳимова.

– Албатта, ҳар бир инсоннинг ўзига хос диди бор. Биз уларни таклифини ҳам инобатга олишимиз керак. Миллий либосларга зарур меъёрларни сақлаган ҳолда замонавийлик сингдирилса, ҳақиқий нафосат ва гўзаллик намоён бўлади.
Бундан ташқари, “Йилнинг энг яхши ёш модельер-дизайнери”, “Миллий йўналишдаги энг яхши модельер-дизайнер” кўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади.

М. Сулаймонов, ЎзА