Фарғонада маҳалланинг ёш полвонлари беллашмоқда
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Республика кураш федерацияси, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида тўрт босқичли “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” шиори остида кураш, белбоғли кураш мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Айни кунларда барча маҳаллаларда истиқомат қилаётган ўғил-қизлар дастлабки босқич ғолиблиги учун беллашмоқда.
Миллий спорт тури ҳисобланган кураш халқимизнинг фахридир. Кейинги йилларда қадриятларимиз тимсоли бўлган кураш ва белбоғли курашни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган самарали ҳаракатлар миллий спортимизни халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзининг жозибадор кўриниши ва тарбиявий аҳамияти билан аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган миллий спортимиз бугун дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлар спортсеварларини ҳам ўзига жалб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрда қабул қилинган “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим самара бермоқда.

Фарғона вилоятида ўтказилаётган мусобақалар ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларнинг мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, умидли спортчиларни кашф этиш каби мақсадларга қаратилган. Беллашувда курашчилар 6 та вазн тоифасида, белбоғли кураш йўналишида қатнашадиган ҳаваскорлар 4 та вазн тоифасида ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда.
Фарғона туманида миллий кураш ҳамда белбоғли кураш бўйича спорт мусобақалари қизғин баҳслар остида кечди. Унда турли вазнларда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 200 га яқин йигит ва қиз қатнашди. Беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар совға ва дипломлар билан тақдирланди.


М.Сулаймонов, ЎзА