ФОТОРЕПОРТАЖ
Мева ва сабзавот етиштириш ва унинг экспортида Фарғона вилояти мамлакатимизда доим етакчилардан бўлган. Вилоятда мева ва сабзавотларнинг барча турлари етиштирилади, сақланади ҳамда йил бўйи экспорт қилинади. Айни кунларда вилоятда узум, беҳи, олма ва хурмо экспорти жадал давом этмоқда.
Вилоятнинг деярли барча ҳудудларида хурмо етиштирилади. Учкўприк, Ўзбекистон, Фарғона ва Тошлоқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳри бу борада пешқадам. Деҳқон хўжаликлари билан бир вақтда аҳоли томорқаларида ҳам хурмо етиштириш яхши йўлга қўйилган. Сентябрь ва октябрь ойларида пишиб етилган ҳосил териб олиниб, музлатгичли омборларга жойланади. Хурмо экспорти сентябрь-октябрь ойларидан бошланиб, келаси йилнинг май ойларига қадар давом этади.
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, ўтган 2023 йилда вилоят божхона бошқармаси томонидан умумий қиймати 4 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг бўлган жами 6 минг 458 тонна хурмо Польша, Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинган. Хурмо экспорти билан 2023 йилда жами 67 нафар тадбиркор шуғулланган.
[gallery-20181]
Бу йил вилоятда хурмо ҳосили мўл. Унинг экспорти ҳам жадал давом этмоқда. Экспорт мавсуми бошланганига ҳали кўп бўлмаган бўлса ҳам экспорт ҳажми катта. Жорий йилда умумий қиймати 8,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 13 минг 126 тонна ҳосил экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Вилоят божхона бошқармасининг “Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг Олтиариқ туманидаги “Экспортга кўмаклашиш маркази”да кунига ўртача 700 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга расмийлаштирилаётган бўлса, шундан 150 тонна қисмини хурмо меваси ташкил этмоқда.
Божхона қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган “Экспорт уч қадам” дастури орқали “даладан экспортга” тамойили асосида экспорт товарларини тўғридан тўғри чегара божхона постларида расмийлаштирилаётгани тадбиркорлар учун жуда қулай бўлмоқда. Ҳозирга қадар расмийлаштирилган хурмонинг 20 фоиздан ортиқ қисми ёки 2700 тоннадан зиёди чегара божхона постида соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши таъминланган. Бу эса тадбиркорларнинг вақтини тежашга, маҳсулотларнинг тезкорлик билан ҳамда сифати бузилмаган ҳолда ўз манзилига етиб боришига имкон бермоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА