Фарғонада кўз микрохирургияси имкониятлари кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида офтальмологик касалликларни эрта аниқлаш, аниқ ташхис қўйиш ва замонавий усулларда даволаш имкониятлари кенгаймоқда. Бу борада Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Муассасада 100 ўринли стационар ва кунига 250 нафар беморни қабул қилиш қувватига эга поликлиника фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда катаракта, глаукома, тўр парда ва шох парда касалликлари бўйича замонавий диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилмоқда.
2025 йилда марказда 5 минг 213 нафар бемор даволанган бўлиб, уларнинг 3 минг 376 нафарида турли мураккабликдаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Катарактани даволашда факоэмульсификация ва лазер жарроҳлик усуллари қўлланилмоқда. Марказий амбулатор жарроҳлик бўлимида эса кўз ичи операцияларидан ташқари 20 дан ортиқ турдаги жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Ташхислаш имкониятлари ҳам замонавий тиббий ускуналар ҳисобига кенгайяпти. Оптик когерент томография, фундус камера, IOL Master, контактсиз тонометр ва бошқа жиҳозлар кўз касалликларини эрта аниқлаш ва даволаш жараёнини самарали ташкил этиш имконини бермоқда.
[gallery-31128]
Яқинда филиалда Optopol компьютер периметрияси аппарати ишга туширилди. У кўриш майдонини комплекс баҳолаш, глаукома, кўрув нерви ва айрим ретинал касалликларни эрта аниқлашда қўлланилади.
Шунингдек, Optical Biometry 700 аппарати катаракта операцияси олдидан кўз параметрларини аниқ ўлчаш ва сунъий линзанинг зарур қувватини ҳисоблаш имконини берса, SWEPT Source OCT технологияси кўз тузилишини батафсил тасвирлаш ва жарроҳлик амалиётини аниқ режалаштиришга хизмат қилади.
Замонавий ускуналарнинг бир қисми 2025 йилда ажратилган 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ ҳисобидан харид қилинган. Жанубий Корея, Польша, Канада, Япония ва АҚШда ишлаб чиқарилган тиббий жиҳозлар муассасанинг диагностика ва даволаш имкониятларини янада оширди.
Филиал лабораторияси ҳам замонавий автоматик гематологик анализатор билан жиҳозланган. Бу қон таҳлилларини қисқа вақтда ўтказиш ва натижаларни тезкор олиш имконини бермоқда.
Айни пайтда вилоятда 700 нафардан ортиқ бемор имтиёзли тиббий хизматлардан фойдаланмоқда. Бу ишлар “Вақф” хайрия жамоат фонди кўмагида амалга оширилмоқда. Яқин вақтларда яна 30 нафардан ортиқ беморни имтиёзли асосда даволаш режалаштирилган.
Марказда халқаро ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилда муассасанинг Япония грантини қўлга киритиши тиббий хизматлар сифатини ошириш ва замонавий имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Соҳада фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг хизматлари ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Уч нафар тиббиёт ходими аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик самарали меҳнати учун «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА