Фарғонада “Кiabi” бренди билан либослар ишлаб чиқарилади
Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган “Global Textile” мамлакатимиздаги етакчи тўқимачилик компанияси бўлиб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Пахта етиштиришдан бошлаб то уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотгача бўлган занжирни яратган компанияда бугунги кунда қарийб 7 мингга яқин киши иш билан таъминланган.
Қўштепа туманидаги тўқимачилик корхонаси ишга туширилиб, бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилган. Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида ҳам “Global Textile Turkestan” пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди.
Айни кунларда компания хорижлик ҳамкорлар билан янги лойиҳаларни амалга оширишга киришмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Франциянинг дунёга машҳур бренди бўлган “Kiabi” компаниясининг глобал таъминот бўйича директори Хуан Пенагос бошчилигидаги компания вакиллари ҳамда “Global Textile” компаниялар гуруҳи асосчиси Музаффар Разоқов билан учрашувда “Kiabi” бренди остидаги либосларни ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилди.

Дунёнинг 25 та мамлакатида 600 га яқин савдо дўкони мавжуд, йиллик айланмаси 2,5 миллиард долларга тенг бўлган “Kiabi” компанияси вакиллари ўз либосларининг ишлаб чиқарилишида пахта экишдан бошлаб тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнда экологик хавфсизликни, атроф-муҳитга зарар етмаслигини таъминлаш, бу занжирнинг барча бўғинларида муқобил энергия манбаларидан, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш устувор талаб эканлигини қайд этди. “Global Textile” компанияси ўз бошқарув фалсафаси ҳамда замонавий технологиялари билан ушбу талабларга тўла мос келиши таъкидланди.
Дастлабки босқичда футболкалар, пололар ҳамда жинсилар ишлаб чиқариш билан бошланадиган ҳамкорлик келгусида уй текстили маҳсулотлари билан давом эттирилиши маълум қилинди. Лойиҳа доирасида текстиль маҳсулотлари билан бирга, барча зарурий аксессуарлар, ёрлиқлар, қадоқлаш маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Маҳсулотларни Европа бозорларига етказишда янги транзит коридорлари очилаётгани, шу жумладан, Ўзбекистондан Туркиягача юк поездлари қатнови йўлга қўйилаётгани “Kiabi” вакиллари томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Хуан Пенагос хорижий мамлакатларда “Kiabi” компанияси билан ҳамкорликда ишлаётган корхоналар ҳақида маълумот берди ҳамда Хайрулло Бозоров бошчилигида Фарғона вилояти вакилларини Бангладешдаги ана шундай корхона фаолияти билан танишиш учун таклиф қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда пахтани ярим хомашё сифатида сотишни эмас, юқори қўшилган қиймат занжирини яратишни мақсад қилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш орқали пахтани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотлар билан жаҳон бозорига чиқиб борилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон учун кучга кирган Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) вилоятнинг текстиль-трикотаж маҳсулотлари учун Европа бозорида қўшимча имкониятлар тақдим этгани таъкидланди, амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ушбу имкониятдан янада кенгроқ фойдаланишга йўл очилаётганига эътибор қаратилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири