Фарғонада келгуси йил қандай ишлар амалга оширилади?
Фарғона вилоятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмакдош бўлиш келгуси йилда ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.
- Тадбиркорларни қўллаб-қувватламаган ҳоким, сектор раҳбари лавозимда ишлашга ҳақи йўқ, - дейди вилоят ҳокими в.б Хайрулло Бозоров вилоят сессиясидаги мурожаатида. -Тадбиркорларни доимий эшитиш ва қабул қилиш, масала ва муаммоларини ҳал этиш ҳар бир раҳбарнинг кунлик иши бўлади. “Тадбиркорлар уйлари”нинг самарали ишлаши учун ҳокимнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида барча идора ва ташкилотлар биргаликда доимий ишлайди. Битта бинога кирганида тадбиркорнинг барча масаласи ҳал бўлиши керак.
2021 йилда 7 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, улар сони 43 мингтага етказилади, банклар томонидан бу соҳага ажратилаётган кредитларни 2 баробар ошириб, 10 триллион сўмга етказиш таъминланади.
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга алоҳида урғу берган ҳолда келгуси йил давомида 1минг 96 та хизмат кўрсатиш субъекти ташкил этилади.
Вилоятнинг Данғара ва Ёзёвон туманлари ҳудудидан ўтган А-373 автомобил йўли ёқасида замонавий архитектура талабларига мос келадиган 456 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти фаолияти йўлга қўйилади.
Икки ой давомида шаҳар ва туман секторлари раҳбарлари томонидан 2021 йилда амалга ошириладиган лойиҳалар дастури қилинди ва сессияларда тасдиқланди. Унга кўра, 2 минг 505 та лойиҳада 19,9 триллион сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, 75,5 мингта янги иш ўринлари яратилади.
Иқтисодий ривожланиш суръатлари паст баҳоланган Фурқат, Қўштепа ва Ёзёвон тумани вилоят ҳокимлигининг алоҳида диққат эътибори ва назоратида бўлади. Бу ҳудудларда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, вилоятда инвестицияларни жалб этиш, маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилиши режалаштирилган.
М. Сулаймонов, ЎзА