Фарғонада ҳапкидо бўйича Осиё очиқ чемпионат бошланди
Фарғона шаҳрида ҳапкидо спорт тyри бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё очиқ чемпионати бошланди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ҳапкидо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада юртимиз вакилларидан ташқари, Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Беларусь, Исроил, Ҳиндистон, Непал, Шри-Ланка каби давлатлардан қарийб 400 нафар спортчи иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида Халқаро Ҳапкидо федерацияси президенти О Се Лим, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ҳатамов мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган ҳапкидо бўйича Осиё чемпионати иштирокчиларига омад тилади.
[gallery-7812]
Кейинги йилларда Фарғона катта спорт мусобақаларига мезбонлик қилиб, умидли спортчиларни кашф этмоқда. Хусусан, ўтган йилда 20 та халқаро ҳамда 35 та Республика мусобақалари ўтказилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 15 та халқаро, шунингдек 18 та Республика мусобақалари ташкил этилди.
Жумладан, спортнинг волейбол, футбол, бокс, миллий ҳамда белбоғли кураш спорт турларидан дзюдо, юнон рум, велоспорт, аралаш жанг санъати ва бошқа олимпия ва миллий, ноолимпия спорт турларидан ўтказилаётган нуфузли спорт мусобақаларига вилоят мезбонлик қилиб келмоқда. Шулар қаторига бугун ҳапкидо спорт тури ҳам қўшилди.
Ҳапкидо Федерацияси мамлакатимизда 2010 йилда, Фарғонада 2017 йилда ташкил топган. Бугунги кунда юртимизда юздан ортиқ мураббийлар ушбу спорт турининг сир-асрорларини ёшларимизга ўргатмоқда. Мусобақага старт берилиб, спортчилар қизғин баҳсга киришди.
М. Сулаймонов,
М.Қодиров олган сурат