Фарғонада гастрономик туризм ривожланмоқда
Ўзбекистон гавҳари сифатида эътироф қилинадиган Фарғона вилояти гўзал табиати, меҳмондўст, самимий инсонлари билан танилган. Биргина ўтган йилда вилоятга 475 мингдан зиёд хорижлик сайёҳлар келгани ҳам туризм ривожига қаратилаётган эътибор самарасидир.
Айнан гастрономик туризм хусусида гап кетганда, ушбу вилоятда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос машҳур таомлари, ширинлик ва егуликлари борлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.
Айтиш жоиз, ҳар бир таомнинг ўзига хос рецепти, тайёрланиш жараёни ва меҳмонларга тортиқ қилиш удуми бор. Бу маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга улар билан танишиш ҳамда мазасини ҳис қилиш имконини беради.
Бу борада кейинги йилларда Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар-туманга хос бўлган гастрономик брендлари яратилгани эътиборга сазовордир. Хусусан, Фарғона шаҳрида ширинликлар савдоси бўйича қандолат уйи ташкил этилган. Марғилон шаҳрида Кетибоғ шавласи, ширмой нон, Ўрам чойхонаси таомлари, Қўқон шаҳрида эса Хўқанди латиф патири ва ҳолваси харидорларга жуда ҳам манзур.

Олтиариқ тумани тандирда ёпиладиган сомсалари (гўшткуйди), Риштон тумани юзлаб чойхоналарда дамланадиган Чўнғара гуручи оши билан танилган. Ўзбекистон туманида Қўшқўноқ маставаси, Қува туманида полвон шўрва ва ширинликлари (чак-чакка, печак қанд ва “Қува қандолат“ маҳсулотлари) машҳур бўлиб улгурган. Бешариқ тумани сих кабоблари, Бувайда тумани овланадиган қушлар асосида тайёрланадиган таомлар, Ёзёвон тумани балиқ овқатлари ҳамда Фарғона тумани Чимён сопаки оши ва Чимён патири билан сайёҳларни ўзига кенг жалб этади.
Вилоятдаги бу каби гастрономик ҳудудлар туроператорлар томонидан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун туризм маршрутига киритилган бўлиб, доимий равишда бир, уч кунлик ҳамда ҳафталик саёҳатлар ташкил этилади. Ўз навбатида, меҳмонлар учун экотуризм, агротуризм тармоқлари бўйича ҳам шароитлар муҳайё қилинган. Сайёҳлар гилос, қулупнай, узум, анор, қовун-тарвуз сайли ҳамда сўлим табиат масканлари, мевазор боғлар, сув бўйларида ҳордиқ чиқариш, мева-сабзавотлардан баҳраманд бўлиш, ўз қўли билан овқат тайёрлаб истеъмол қилиш имконига эга.
– Айни жараёнда мунтазам равишда гастрономик фестиваллар ва ярмаркалар ташкил этилиб, унда маҳаллий таомлар, ширинликлар, боғдорчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилмоқда, – дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. – Ҳар йили ўтказиладиган бу каби фестивалларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хориждан сайёҳлар таклиф этилади. Бу Фарғона вилоятида гастрономик туризмни йилдан йилга ошириш имконини бераётир.
Ўз навбатида, Фарғонада гастрономик туризмга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган инфратузилма тобора ривожлантириб борилмоқда.
2025 йили вилоятда “Фарғона гастрономик фестивали” ўтказилиши режалаштирилган. Фестивал кунлари мамлакатимиз ва Фарғона водийсининг кўп йиллик анъаналари ҳамда замонавий урф-одатларини уйғунлаштирадиган маҳаллий, дунёга танилган ошпазлар, пазандалик санъати тарғиботчилари, бу борадаги китоблар муаллифлари, гастрономия маданий мероси қизиқувчилари ва сайёҳларни бир жойга жамлаш кўзда тутилган. Мақсад юртимизнинг бой ва мураккаб ошпазлик санъати анъаналарини тарғиб қилиш ҳамда дунёга танитишдан иборат. Фестивалда одатий таомлар ва таниқли ошпазлар иштирокида пазандачилик маҳорати намойиш қилинади. Маҳорат дарслари, турли кўрик-танловлар, театрлаштирилган томошалар ўтказилади.
М.Сулаймонов, ЎзА