Фарғонада 849 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди
Фарғона вилоятида жорий йилда 16 та замонавий, барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.Айни кунларда Бешариқ, Фурқат, Қува туманларида қурилиш олиб борилмоқда.
Айни пайтда 19 та шаҳар ва туман Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 140 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг шу даврига нисбатан марказлар томонидан 849 минг 540 та хизмат кўрсатилган. Шунингдек, 27 минг 707 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 18 минг 852 тасини жисмоний шахслар ҳамда 8 минг 855 тасини эса юридик шахслар ташкил этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 11 минг 983 та якка тартибдаги тадбиркорлар ўз фаолиятини тиклади. Шунингдек, 44 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
[gallery-607]
Шу йилнинг 11 ойида Фарғона вилоятида 30 минг 721 та никоҳ қайд этилиб, унинг 100 га яқин чет эллик фуқаролар билан расмийлаштирилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида вилоятда 86 минг 322 нафар ўғил ва қиз болалар туғилиб, уларга тўлиқ туғилиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган. Ўз навбатида жорий йилнинг ўн бир ойида оталикни белгилаш бўйича 4 минг 814 та ҳаракатлар амалга оширилди ва шундан 131 таси суд қарорлари асосида расмийлаштирилди.
— Ҳозирги кунга қадар Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси туман-шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари архивида сақланаётган 6 миллион 500 мингдан зиёд далолатнома ёзувлари тўлиқ рақамлаштирилиб, «Ягона электрон архиви» ахборот тизимига киритилди, — дейди агентликнинг Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Раъно Бойқўзиева. — Бу архив ҳужжатларидан маълумотномалар бериш муддатини 15 иш кунидан саноқли дақиқаларгача қисқартириш имконини беради.
Бу ҳақда бошқарма томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА