Фарғонада 307 минг 180 АҚШ доллари чегарадан ўтмади
Фарғонада ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўшни давлатга жуда катта миқдорда чет эл валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ҳолатига чек қўйилди. Жиноятга қўл урганларга эса суд томонидан тегишли жазо тайинланди.
Қувасой шаҳрилик Равшан Турдибеков(исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қирғизистон Республикаси билан чегарадош маҳаллада истиқомат қилган. У ҳалол меҳнат қилиш ўрнига осонгина даромад топишни ўйлади. Фуқаро А.Одилжонов ҳамда Қирғиз Республикасида яшовчи Замир исмли шахс билан бирга қўшни давлатга йирик миқдордаги чет эл валюта қимматликларини ўтказиш режасини тузади.
Равшан 307 минг 180 АҚШ долларини олиб, Қувасой шаҳар “Полмон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қирғиз Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Учқўрғон қишлоғи билан кесишган жойга келиб, пулни А. Одилжоновга берган. Жиноий шериги пулни қўшни давлатга ўтказиш пайида бўлган вақтда чегарачилар сезиб қолади. У пулни чегара чизиға ташлаб, қочиб қолган.
Жиноятга жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди томонидан судланувчиларга ҳукм ўқилди ҳамда далилий ашё сифатида олинган 307 минг 180 АҚШ доллари давлат эгалигига ўтказилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири