Фарғонада 200 та кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда
Фарғона вилоятида қурилиш соҳаси, хусусан, уй-жойлар бунёд этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудида вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ҳамда ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ўқув семинарида бу ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Позилов соҳадаги ислоҳотлар, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими, объектларда қурилиш ишлари боришини кузатиш, маблағлардан тўғри фойдаланиш, объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш жараёнлари ҳақида сўз юритди.
Ҳозирга қадар вилоятда 102 та аҳоли яшаш пунктларида шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Жорий йилда 38 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳамда 3 та “Янги Ўзбекистон” массивларининг бош режалари, 4 та маҳаллаларнинг шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемаси, 3 та шаҳарчаларнинг бош режа ва батафсил режалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
[gallery-9740]
1991-2016 йилларда ёки 25 йил давомида вилоятда 430 та 10 минг 406 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилган бўлса, кейинги 5 йилда 814 та 23 минг 924 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Хусусан, 2021 йилда вилоятда 292 та 7 минг 500 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Жорий 2022 йилда эса жами 200 та 7 минг 956 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 7 та уй-жой қурилиш кластерлари фаолият юритмоқда. Бу аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлашда муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Брифингда Фарғона шаҳридаги экошаҳар, Фарғона ва Ёзёвон туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивлари, улардаги қурилиш ишлари ҳақида ҳам сўз борди.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анваржон Ашуров “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишларга иштирокчилар эътиборини қаратди. Жорий йил куз мавсумида 5 миллион 747 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилган бўлиб, режа ортиғи билан бажарилгани ва дарахт экиш ишлари давом этаётгани айтиб ўтилди.
Очиқ мулоқотда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига соҳа мутасаддилари батафсил жавоб берди. Якунда тадбир қатнашчилари экошаҳар ҳудудидаги қурилишлар билан таништирилди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат), ЎзА