Фарғона вилояти судида “Очиқ эшиклар куни”
Фарғона юридик техникумига судья ва суд ходимлари тез-тез ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар билан очиқ дарслар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказиши яхши анъанага айланган.
Ҳамкорлик режасига кўра бу гал Фарғона вилоят судида ташкил қилинган “Очиқ эшиклар куни”га Фарғона юридик техникуми ва Фарғона шаҳар 4-сонли мактаб ўқувчилари таклиф этилди.
Даставвал ёшлар суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда яратилган янги имкониятлар, интерактив хизмат турлари ҳамда суд биносида очилган музей фаолияти билан танишдилар.
[gallery-16771]
Тадбир давомида судьялар ўқувчи-ёшлар билан суҳбатлашди. Судьялар ўз ихтисослашувидан келиб чиқиб, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўриш тартиблари ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, бўлимларнинг иш фаолияти билан таништирилди. Ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА