ФарДУнинг 8 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтди
Мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, таълим сифатини ошириш ва олий таълим муассасаларининг жаҳон таълим маконидаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бу борадаги амалий натижалардан бири сифатида Фарғона давлат университетининг 8 та таълим дастури Германиянинг нуфузли ASIIN халқаро аккредитация агентлиги томонидан муваффақиятли халқаро аккредитациядан ўтди.
Халқаро аккредитацияга кимё, биология, математика ва физика йўналишларининг бакалавриат ҳамда магистратура босқичларидаги таълим дастурлари сазовор бўлди.
Мазкур натижа университетда таълим сифатини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, ўқув жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда таълим дастурларини халқаро мезонлар асосида такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасининг яна бир тасдиғи бўлди.
Халқаро аккредитация таълим дастурларининг белгиланган сифат мезонларига мувофиқлигини эътироф этиш билан бирга, университетнинг халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар учун янги таълим ва илмий имкониятларни яратиш, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Фарғона давлат университетида таълим сифатини янада юксалтириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА