Фарғонада янги лойиҳалар ишга туширилди
Бугун ёшларимиз орасида рақамли технологияларга қизиқиш кучли.
Бугун ёшларимиз орасида рақамли технологияларга қизиқиш кучли. Аслида замон талаби ҳам шу. Ахборот-коммуникациялардан яхши хабардор киши янги-янги инновацион ғоялар устида изланади, янгиликдан чўчимайди.
Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчиси аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Фарғона вилоятида ҳам мазкур йўналишда аниқ тадбирлар белгиланган бўлиб, унинг ижроси таъминланмоқда. Марғилон шаҳрида янги қуриб, фойдаланишга топширилган Рақамли технологиялар маркази ана шулардан биридир.
Марказнинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қатнашиб, марказ вилоят ёшларини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, замонавий билим ва кўникмаларини бериш ҳамда шу йўл билан уларни даромадини оширишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

2,5 гектар майдонни эгаллаган замонавий марказни бунёд этишга маҳаллий бюджетдан 14 миллиард сўм маблағ сарф этилди. Марказ рақамли технологиялар ва иқтисодиёт бўйича ягона марказлашган комплекс тизим яратиш ҳамда хизматлар тақдим этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бу ерда электрон ахборот ресурс маркази, 60 ўринли анжуманлар зали, музокаралар хонаси, видеостудия бўлиб, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмларини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, дастурлаш, мобил илова, веб дизайн, робототехника, киберспорт, стартап маркази, фрилансерлар мактаби, дизайн каби йўналишларда фаолият олиб борилади.
– Марказ фаолиятни йўлга қўйишда Россия Федерациясининг Перм шаҳридаги “Morion digital” технопарки ва Кореянинг тажрибаси ўрганилган, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали директори ўринбосари Баҳром Жалилов. – Шунингдек, бу ерда ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни шакллантириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш учун ҳам барча имкониятлар яратилган. Ёшлар, тадбиркорлар ва ҳунар ўрганиш истагидаги бўлганлар марказимизда ахборот технологияларини ўзлаштириб, дастурий маҳсулотлар яратиши ҳам мумкин. Шу билан биргаликда вилоятдаги ташкилотлар билан ҳамкорликда соҳада иш олиб борамиз.
Марказда йил давомида 2 мингдан ортиқ мутахассисларни тайёрлаш имконияти бор.

Марғилон шаҳрида жунли матоларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича катта лойиҳага қўл урилди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида «Наримтекс» масъулияти чекланган жамиятидаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, ички ва ташқи бозорда ўрин топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш, ишчи-хизматчилар малакасини доимий ошириб бориш борасида топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар асосида йирик лойиҳа амалга оширилиб, жун аралашмали ип ва матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Тадбиркор аёл Наргиза Аминова ташаббуси билан собиқ «Атлас» фирмаси негизида “UZWOOLENTEX” қўшма корхонаси ташкил этилди ва формали кийимлар учун жун аралашмали матолар ишлаб чиқариш тармоғи лойиҳаси ишга туширилди. Бу ерда умумий қиймати 7,9 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди. Янги лойиҳа бир вақтнинг ўзида 300 нафар маҳаллий ёшлар бандлигини таъминлаш имкониятини берди. Шу кунга қадар тўқув, сифатни назорат қилиш, пардозлаш ва лаборатория цехлари юқори унум билан ишламоқда. Тўқимачилик тармоқлари ривожланган мамлакатлардан олиб келинган сўнги русумдаги ишлаб чиқариш ускуналарини маҳорат билан бошқараётганларнинг асосийсини марғилонлик ёшлар ташкил этади.
–Қулай шароитларга эга бўлган замонавий ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат қилиш мароқли, – дейди тўқув цехи ишчиси Зулайҳо Мадғозиева.– Меҳнатимизга яраша манфаат кўряпмиз. Ишлаш, дам олиш билан боғлиқ бўлган барча шарт-шароитлар яратиб берилгани сифатли ва харидоргир бўлган маҳсулот турларини тайёрлашда қўл келмоқда.
Дарҳақиқат, корхона ишлаб чиқариш цехларида тайёрланаётган маҳсулотларга дунё бозорида талаб юқори. Айни кунда ишлаб чиқариш тармоқларида тайёрланган маҳсулотларнинг асосий қисми Россия, Белоруссия сингари яқин хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Айни кунда истиқболли лойиҳанинг иккинчи босқичи-жун аралашмали ип-калава ишлаб чиқариш борасида амалий ишлар бошланди. Бу жараёнга 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, замонавий ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинди. Янги тармоқ бир вақтнинг ўзида 400 нафардан ортиқ маҳаллий ёшлар бандлигини таъминлайди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 840 тоннани, 2 миллион погономертни ташкил этади.
Бу лойиҳа ҳарбийлар ва давлат хизматчилари формали кийимлари учун ип ишлаб чиқариш ва дунё бозорида харидоргир бўлган поливискоза, полиестер-пахта аралашма таркибли матолар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини берди.
–Истиқболли лойиҳа устувор жиҳатлари билан ажралиб туради,–дейди ишлаб чиқариш раҳбари Дониёржон Обидов. – Лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш орқали ҳар йили 6,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта тежаб қолинади. Мато учун буюртмаларнинг ишлаб чиқариш муддати икки баравар қисқаради. Маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади. Жун аралашмали мато ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирилиши ҳисобига маҳсулотлар тан нархи сезиларли равишда камайтиришга эришилади.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур корхона ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ тақдимот маросимида иштирок этди. Хусусан, бу ерда ишлаб чиқаришга жорий қилинган юқори унумли техника ва технологиялар, янги лойиҳалар билан танишди, ишчи- хизматчилар, лойиҳа ташаббускорлари билан суҳбатлашди.