Фарғонада тест синовларига тайёргарлик қандай?
Фарғона вилоятида 2020-2021 ўқув йили учун олий ўқув юртларига қабул тест синовларини ўтказиш мақсадида қизғин тараддуд кўрилмоқда.
Фарғона вилоятида 2020-2021 ўқув йили учун олий ўқув юртларига қабул тест синовларини ўтказиш мақсадида қизғин тараддуд кўрилмоқда. Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Сўх туманларидаги 6 та стадионларда тайёргарлик босқичи сўнги паллага кирди.
Жойларда абитуриентларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тест топшириқларини тўла-тўкис бажариш учун керакли бўлган шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнларини амалдаги қонун меъёрлари асосида ўтказиш билан боғлиқ тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишди, мавжуд ҳолатлар, бажарилиши зарур бўлган ишлар хусусида маслаҳат, йўл-йўриқлар берди.
Фарғона давлат университетининг спорт соғломлаштириш марказида тест синовларини ўтказиш ишларига пухта ҳозирлик кўриляпти. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 1300 нафар абитуриентларнинг тест топширишлари учун қулай бўлган шароитлар яратилган. Вилоят ҳокими абитуриентларнинг соғломлаштириш марказига кириш, дезинфекция йўлаклари, тиббий ниқоб ва қўлқоп, оқ бош кийимлар билан таъминлаш ҳамда антисептик воситаларидан фойдаланиш жараёнларини кўздан кечирди.

- Бу йилги тест синовларида 134 минг нафардан ортиқ абитуриентларнинг иштирок этиши кўзда тутилмоқда,-деди вилоят ҳокими. - Тест синовлари марказий стадионларда бўлаётгани инобатга олиб абитуриентларга шароитлар яратиш ҳар жиҳатдан муҳим. Тест синовларини ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик билан ўтказилиши шарт. Бу ишларга ҳар бир ҳоким, муассаса раҳбарлари шахсан масъул бўлишлари талаб этилади. Ҳудудларда абитуриентларни тест синовларига олиб келиш, яшаш жойларига олиб бориб қўйиш учун 1500 дан ортиқ махсус автобуслар ажратилди.
Вилоят ҳокими университетининг спорт соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан таниш асносида амалий жараёнларни видокузатув остида онлайн трансляция қилиб, тўлиқ шаффофликни таъминлаш, кузатиш истагида бўлган ота-оналар, яқинлар учун қулай шарт- шароитлар яратиш муҳим эканлигини таъкидлади. Шу боис таълим муассасалари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари барча абитуриент ва уларнинг яқинлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш муҳим вазифалардан эканлигига эътибор қаратишлари зарурлигини уқтирди. Чунки тест синовларига оз фурсат қолди.