Фарғонада “Риштон” чегара-божхона пости очилди
Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Риштон” чегара божхона пости барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналарни ҳаракатланишлари учун 30 августдан бошлаб ишга тушди.
Тараққиёт одимлари
Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Риштон” чегара божхона пости барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналарни ҳаракатланишлари учун 30 августдан бошлаб ишга тушди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси натижасида кейинги икки йилда Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларида янги замон, янги давр бошланди. Бугун барча соҳалар бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Икки давлат ўртасида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси сифатида икки мамлакатни боғлаб турувчи чегара постларининг аҳоли вакиллари учун очилгани ҳам муҳим тарихий воқеа бўлди. Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташлангани, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди.
“Риштон” божхона чегара постининг очилиши ҳам катта шодиёнага айланди. Чегара мажмуасида Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тадбирда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда Боткен вилояти губернатори Рустам Мадумаров ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегара ҳудудларида кўплаб муаммолар амалий ҳал этилаётганини таъкидлашди. Айниқса, барча чегара постларнинг очилгани халқимиз дилидаги иш бўлди.
“Риштон” божхона чегара пости шу кунга қадар фақатгина Риштон тумани ҳамда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани фуқароларини пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ эди. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида барча учун божхона чегара постининг очилгани ҳақидаги хушхабарни икки қардош халқ катта хурсандчилик билан кутиб олди. Айниқса, мазкур божхона чегара постининг очилиши Сўх тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратмоқда. Туман аҳолиси учун яқин йўл бўлган бу божхона чегара пости 7 йил олдин ёпилган бўлиб, сўхликлар вилоят марказига келиши учун узоқ йўл босиб, соатлаб вақт сарфлаб, “Водил” божхона чегара пости орқали қатнарди. Эндиликда эса ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди, йўл қарийб 42 километрга қисқарди.
– Халқларимиз азалдан бир ариқдан сув ичиб, қуда-анда бўлиб, аҳил яшаган, – дейди Қадамжой туманилик Олчинбой Туралиев. – Афсуски, орада алоқаларимиз узилиб қолганди. Бугун эса ришталар яна боғланди. Энди дўсту қариндошлар билан дийдорлашиш, дардлашиш имкониятига эга бўлдим. Бунинг учун ҳар икки мамлакат раҳбарига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этамиз.